Иқтисодиёт | 09:32 / 15.05.2024
4444
3 дақиқада ўқилади

Айрим маҳсулотлар бўйича минимал экспорт нархлари жорий этилади

Ўзбекистонда тўқимачилик, чарм-пойабзал маҳсулотлари ва электр жиҳозлари, шунингдек, мева-сабзавотларга минимал экспорт нархлари жорий этилмоқда. Минимал нархлар режими бузилган тақдирда, Солиқ қўмитаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига билдиришнома юборилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

11 май куни Вазирлар Маҳкамасининг тўқимачилик, чарм-пойабзал ва электротехника маҳсулотлари экспортини тартибга солиш тўғрисидаги қарори тасдиқланди.

15 майдан бошлаб мазкур маҳсулотлар бўйича экспорт шартномалари қийматини мониторинг қилиш, шунингдек, уларнинг экспорт нархлари шакллантирилиши устидан назорат ўрнатиш тартиби жорий этилади.

Минимал экспорт нархлари жорий этиладиган тўқимачилик, чарм-пойабзал ва электротехника маҳсулотлари рўйхати Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш бўйича ҳукумат комиссияси томонидан тасдиқланади.

Рўйхатни шакллантиришда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси (ССП), шунингдек, «Ўзтўқимачиликсаноат», «Ўзчармсаноат» ва «Ўзэлтехсаноат» уюшмалари иштирок этиб, таклифлар киритади. Улар билан биргаликда ҳар ойда ички ва ташқи бозор конъюнктурасини таҳлил қилиш асосида товарларнинг минимал экспорт нархлари тасдиқланади.

Минимал нархлар тўғрисидаги маълумотлар Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимида, шунингдек, ССП ва уюшмаларнинг веб-сайтларида эълон қилиниши керак. Нархлар ССП сайтида эълон қилинган кундан бошлаб икки кун ўтгач кучга киради.

Маҳсулотларни хорижга минимал қийматдан паст нархларда сотиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, божхона органлари бу ҳақда 24 соат ичида Солиқ қўмитаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментини хабардор қилиши, улар қонун ҳужжатларига мувофиқ чоралар кўриши шарт.

Ташқи савдо операцияларида активларнинг репатриация қилиниши устидан назорат ушбу маҳсулотларнинг минимал экспорт нархларидан паст бўлмаган нархлардан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

Бундан ташқари, Савдо-саноат палатаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан биргаликда доимий равишда мева-сабзавот маҳсулотлари бўйича ички ва ташқи бозор конъюнктурасини ўрганиб боради ҳамда ҳар ҳафтада республикадаги йирик улгуржи бозорларда шаклланган мева-сабзавотларнинг энг паст нархлари асосида рўйхатда кўрсатилган мева-сабзавот маҳсулотларига минимал экспорт нархларини тасдиқлайди.

Ҳукумат қонунчилик ҳужжатларига маҳсулотларни (шу жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини) минимал нархлардан пастроқ экспорт қилган тадбиркорлар учун фойда солиғи бўйича берилган имтиёзларни бекор қилишни назарда тутувчи ўзгартишлар ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.

Мавзуга оид