Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 август куни XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари билан учрашди.

Тадбирда Миллий Олимпия қўмитаси ва спорт федерациялари раҳбарлари, мураббийлар, спортчиларнинг ота-оналари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам қатнашди.

Маълумки, ушбу Олимпия ўйинлари 26 июлдан 11 августгача Франция пойтахти Париж шаҳрида бўлиб ўтди. Унда 200 дан зиёд давлатдан 11 минг нафарга яқин энг кучли атлетлар қатнашди. Ўзбекистон 19 та спорт тури бўйича 90 нафар спортчи билан иштирок этди. Бу нуфузли мусобақа Ўзбекистон учун том маънода рекордлар, мислсиз ютуқларга бой бўлди.

Давлат раҳбари спортчиларни ушбу улкан тарихий ғалаба билан табриклаб, нутқ сўзлади.

– Сизлар ғоят кескин беллашувларда юксак жасорат ва матонат кўрсатиб, 8 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза медални қўлга киритганингиз мамлакатимизнинг тараққиёт борасидаги юксак салоҳиятини ифода этадиган ёрқин натижадир. Бу тарихий ғалаба Янги Ўзбекистон ёшлари қандай буюк ишларга қодир эканини яна бир марта амалда намойиш этди. Мамлакатимиз иштирокчи давлатлар орасида умумжамоа ҳисобида 13-ўринни, Осиё қитъасида 4-ўринни, туркий ва ислом мамлакатлари ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бўйича 1-ўринни эгаллади. Барчамизни қувонтирган бу натижалар Ўзбекистон тарихида илгари ҳеч қачон бўлмаган ютуқлардир, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бунинг учун спортчи ва мураббийларга барча шароитлар яратилди. Спортчиларни тайёрлашга ёндашув ўзгартирилиб, изланиш ва эътибор кучайди. 2021 йил августда бўлиб ўтган шундай учрашувда келгуси Олимпиадада кучли ўн бешта давлат қаторига кириш мақсад қилиб қўйилган эди. Бу шараф билан уддаланиб, мамлакатимиз дунёда 13-ўринни эгаллади.

Британиянинг Financial Times нашрида ёзилишича, Олимпия медаллари, мамлакатнинг спорт оламида эришаётган ютуқлари давлатнинг умумий ривожланиш ва инсоний тараққиёт даражасини билдиради.

Ҳақиқатан ҳам, Олимпиада ўйинларидаги ҳар бир натижанинг ўрни, моҳияти ва аҳамияти беқиёсдир. Чунки тўрт йилда бир марта ўтадиган бу йирик халқаро мусобақада зўрларнинг зўри қатнашади, у мамлакатнинг спорт соҳасига эътибори, халқнинг жисмоний ва маънавий салоҳиятини намоён этади.

Мусобқада илк олтин медални Диёра Келдиёрова қўлга киритди. Бу ҳам дзюдо бўйича, ҳам аёллар ўртасида юртимизнинг Олимпиададаги биринчи олтин медали бўлиб тарихга кирди.

Яна бир жасур қиз – Светлана Осипова эса таэквондо бўйича биринчи кумуш медални эгаллаб, аёллар спорти тарихида янги саҳифа очди.