Ўзбекистон | 17:00 / 05.05.2025
5628
2 дақиқада ўқилади

«Work and travel» дастурларида иштирок этувчи талабалар учун ссуда ажратилади

Европа Иттифоқи, Жанубий Корея, Япония, Буюк Британия, АҚШ, Канада, Австралия ва Янги Зеландияга «Work and travel» (Иш ва саёҳат) дастурлари доирасида ишлаш учун борадиган ўзбекистонлик талабаларга давлат 15 млн сўмгача фоизсиз қарз беради.

Фото: Pixabay

Ҳукумат қарори билан 2025 йил 15 майдан «Work and travel» (Иш ва саёҳат) халқаро дастурлари доирасида ишлаш ва саёҳат қилиш учун хорижий давлатларга бориш ва келиш ҳамда бошқа харажатларни қоплаш мақсадида талаба ёшларга ссуда (қайтариш шарти билан бериладиган фоизсиз қарз) ажратиш тартиби жорий этилади.

Мазкур давлатларга Европа Иттифоқи, Жанубий Корея, Япония, Буюк Британия, АҚШ, Канада, Австралия ва Янги Зеландия киритилган.

Ҳар йили 2 минг нафаргача талаба ёшларга БҲМ 40 баравари миқдорида ссуда ажратилади (ҳозир 15 миллион сўм). Ссуда ажратиш ҳақидаги аризалар давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали қабул қилинади.

Ариза берувчи қуйидаги хужжатларни илова қилади:

  • хорижий давлатдаги иш берувчи билан ариза берувчи ўртасида тузилган меҳнат шартномаси;
  • ариза берувчи томонидан ссуда қайтарилмаганда, ушбу маблағларни қайтариш мажбуриятини ўз зиммасига олувчи кафил жисмоний шахснинг сўнгги 12 ойлик иш ҳақи тўғрисида маълумот ва қарз шартномаси бўйича кафил бўлишга розилик аризаси (агар мавжуд бўлса);
  • виза.

Талаба ажратилган ссудани хорижий давлатдан келганидан сўнг 1 ой муддатда қайтариш мажбуриятини олади.

1 календарь йил давомида 2 минг нафар ариза берувчига ссуда ажратиш маъқуллангандан сўнг ариза қабул қилиш тўхтатилади.

Ссуда ажратилгунга қадар, бироқ кетма-кетлиги бўйича ссуда ажратилган ариза берувчилардан кейин ариза топширган шахслар кейинги йил учун рўйхатга қўйилмайди ҳамда келгуси йилда қайтадан мурожаат қилади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид