Сўнгги вақтларда матбуотимизда миллий киноларимиз ҳақида турли фикрлар билдирилган мақолалар эълон қилиниб, уларда “Нима учун бизда тарихий фильмлар яратилмайди”, деган ҳақли савол ўртага ташланмоқда. Фикрлар яхши. “Минг асрлар ичра пинҳон” тарихимиз бобма-боб киноленталарига муҳрланса, нур устига аъло нур бўларди. Чунки Президентимиз таъкидлаб ўтганларидек, “Хотирасиз баркамол киши бўлмаганидек, ўз тарихини билмаган халқнинг келажаги ҳам бўлмайди”.

Бундан бир неча йиллар аввал “Ўтган кунлар” картинасининг иккинчи вариантини кўриш иштиёқи туғилди. Чунки нима учундир ҳалигача шу фильмни кўрмаган эдим. Матбуотда айни шу кино борасида танқидлар кўп бўлгани сабаб кўришга юрагим дов бермаган эди. Лекин бу гал журъат қилиб кўришга жазм қилдим. Минг афсуски, кинофильмларнинг CD, DVD дисклари сотилаётган бирор бир “нуқтадан” “Ўтган кунлар”ни топа олмадим. Сўрасам, “спрос йўқ” дейишди. Хулоса қилдимки, демак картинада Отабек ва Кумушлар муҳаббати юзма-юзаки ёритилган.

Яна бир нарса, бизда кино, деганда мелодраммалар тушунилмоқда, менинг назаримда “Ўтган кунлар”нинг биринчи фильми яратилаётганда замон нозик эди, ўша вақтда муаллифнинг ички дардларини юзага кўтаришнинг иложи йўқ эди. Энди мустақиллик замонида адиб нимани хоҳлаганини экранга олиб чиқиш керак. Ёзувчи мавзуни “мозийдан, яқин ўтган кунлардан, тарихимизнинг энг кирлик, қора кунлари бўлган кейинги “хон замонлари”дан” бошлаганини эсдан чиқариш керак эмас. Бир сўз билан айтганда Отабек ва Кумуш севгиси ўша замон цензурасини чалғитувчи омил бўлиб, асосон, тарих, тўғрироғи хонлик иллатлари қаламга олинган. Китобнинг “Тошканд устида қонлиқ булутлар”, “Чақимчилик”, “Қамоқ”, “Нажот истаб Тошкандга”, “Тошканд қамалда”, “Азизбек”, “Хукмнома”, “Истиқлол дарди”, “Инқилоб”, “Бир ғариби бечора”, “Мусулмонқул”, “Мусулмонқул истибдодига хотима”, “Қипчоққа қирғин” бобларида тарихимизнинг энг кирлик қора кунлари қаламга олинган бўлиб ана ўша тарихий ҳодисалар экран юзини кўриши керак.

“Темур ва Сароймулкхоним”, деган фильмни мелодрама сифатида суратга олиш наҳотки қийин бўлса?!. Муҳаммад Алининг “Сарбадорлар”, Мирмуҳсиннинг “Хўжанд қальаси” каби асарлари “қачон кино бўлар эканмиз”, деб режиссёрларни кутиб ётишибди. Миркарим Осим қаламига мансуб “Тўмарис”, “Широқ”, “Жайхун устида булутлар”, “Ибн Сино қиссаси”, “Ўтрор”, “Темур Малик”, Явдот Илёсовнинг “Спитамен”, Манноп Эгамбердиевнинг “Сариқ аждар ҳамласи” каби асарларидан наҳотки хорижликлар ишлаган “Гладиатор”, “Спартак”, “Шерюрак”, “Ватанпарвар” сингари фильмлар яратиб бўлмайди? Бўлади, фақат хохиш бўлса кифоя. Ҳозирча режиссёрларимиз сценарий йўқ, деб ўзларини оқлашдан нарига ўтишмаяпти. Балки, миллий мафкурамиздан асар ҳам бўлмаган “Бойвачча” каби киноларга маблағ сарфлаётган ҳомийлар тарихий фильмларга ҳам озгина маблағ беришса, ҳақиқий совға бўлармиди?!

Яратилаётган ҳар бир кино асарида ғоя бўлиши керак ва миллий мафкурамиз ўз аксини топиши лозим. Лекин бир марталик фильмларда ғоя ҳам, миллий мафкура ҳам бор, деб айтиб бўлмайди. Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар”, “Авлодлар давони” каби асарларини бадиий фильм қилиниши кераклигини яна бир бор ўйлаб кўрадиган вақт етиб келди.