Саммитда Ўзбекистон ўзининг Миллий павильонини очди. У миллий қадриятларимизга мос равишда «Узумзор — ўтмиш мероси, бугуннинг ечими ва келажак илҳоми» деган ғоя асосида қурилган бўлиб, табиий соя ва салқинлик муҳитини акс эттиради. Павильонда хорижий меҳмонларга мамлакатимиздаги «Яшил макон», «Тоза ҳаво», «Чиқиндидан холи ҳудуд» каби лойиҳалар ҳамда «Green University» фаолияти таништирилмоқда. Анжуман давомида бу ерда 40 дан ортиқ учрашув ва тақдимотлар ўтказилиши режалаштирилган.
Конференциядаги энг катта янгиликлардан бири — Марказий Осиё табиатини тиклашга қаратилган йирик дастурга (CLiCA) старт берилгани бўлди. Яшил иқлим жамғармаси, Германия ҳукумати ва Европа инвестиция банки кўмагида амалга ошириладиган ушбу лойиҳа доирасида Ўзбекистонга 103,7 миллион евро ажратилади. Бу маблағлар Андижон, Фарғона, Наманган ва Сурхондарё вилоятларининг 15 та туманига йўналтирилади. Лойиҳа орқали 18 минг гектар ўрмон ва 123 минг гектар яйлов қайта тикланади, фермер хўжаликларида томчилатиб суғориш тизимлари ва иссиқхоналар қурилади, қурғоқчиликка чидамли экинлар экилади. Шунингдек, 12 минг нафар фермерга маслаҳат ва кредит олишда кўмак берилиб, жами 342 минг нафар аҳолининг иқлим ўзгаришларига мослашишига ёрдам кўрсатилади. Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов бу дастур қоғозда қолиб кетмасдан, амалда яшил ёнбағирлар, тикланган яйловлар ва барқарор фермер хўжаликларига айланиши кераклигини таъкидлади.

Саммит доирасида Адаптация жамғармаси раҳбари Микко Олликайнен билан ҳам учрашув ўтказилди. Унда қишлоқ хўжалиги ва фермерларни иқлим ўзгаришидан ҳимоя қилишга қаратилган 15,4 миллион долларлик лойиҳалар муҳокама қилинди. Ўзбекистон томони Тошкент шаҳрида Адаптация жамғармасининг Марказий Осиё давлатлари учун минтақавий марказини очишни таклиф этди. Бундан ташқари, Оролбўйи ҳудудида чанг ва туз бўронларига қарши курашиш ҳамда хавфларни сунъий интеллект ёрдамида олдиндан аниқлаш масалалари кўриб чиқилди.
Анталияда Туркиянинг Атроф-муҳит, шаҳарсозлик ва иқлим ўзгариши вазири Мурат Курум билан ўтказилган музокаралар якунида икки давлат ўртасида экологик ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унга кўра, Ўзбекистон ва Туркия ҳаво ҳамда сув ифлосланишининг олдини олиш, чиқиндиларни қайта ишлаш, чўлланишга қарши курашиш ва яшил шаҳарларни ривожлантириш бўйича биргаликда иш олиб боради.
Шунингдек, Жаҳон метеорология ташкилоти раҳбарияти билан ўтказилган учрашувда об-ҳавони кузатиш тизимларини замонавийлаштиришга келишиб олинди. Хусусан, Ўзбекистонда қум ва чанг бўронларини олдиндан аниқ прогноз қилиш, ҳаво сифатини доимий кузатиб бориш ҳамда аҳолини хавфли об-ҳаво ҳодисаларидан эрта огоҳлантириш тизимлари кучайтирилади.










