11:23 / 04.05.2016
7859

Press Emblem Campaign: 2016 йил бошидан буён бутун дунё бўйлаб 40 журналист ўлдирилди

2016 йил давомида дунёнинг 18та мамлакатда жами 40 нафар журналист ҳалок бўлди. Бу ҳақда Press Emblem Campaign ташкилоти тақдим этган ҳисоботга асосан «ТАСС» хабар қилмоқда.

"Жаҳон матбуоти эркинлиги кунида Press Emblem Campaign ташкилоти зиддиятлар давом этаётган ҳудудларда фаолият кўрсатувчи журналистларнинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари кучайтирилишига чақиради", дейилади ташкилот баёнотида.

Ташкилот бир ойга ўртача 10 нафар журналист ўлими тўғри келганига эътибор қаратган. Бу кўрсаткич ўтган йилгисига яқин, 2015 йил давомида 31 та мамлакатда жами 135 нафар журналист ҳалок бўлганди.

2016 йилги ҳисоботга кўра, қурбонлар сони энг кўп Афғонистонда бўлиб, у ерда 8 нафар журналист ҳалок бўлган. Ундан кейин Мексика ва Яманда ― 5, Ироқ ва Туркияда 3, Сурия ҳамда Покистонда 2 нафардан қурбон қайд этилган.

Журналистлар учун энг хавфли (хавфлиликнинг бешинчи даражаси - қизил) ҳудудлар Ливия, Сомали, Сурия ва Яман ҳисобланади. Тўртинчи даражали хавфли мамлакатлар (тўқ сариқ) сирасига Афғонистон, Эритрея, Ҳондурас, Мали, Мексика ва Покистон киради. Учинчи даражали (сариқ) мамлакатлар қаторида эса Бразилия, Бурунди, Марказий Африка республикаси, Конго Демократик республикаси, Гватемала, Исроил, Филиппин, Жанубий Судан қайд этилган.

Озарбайжон, Украина, Бангладеш, Колумбия, Эквадор, Миср, Ҳиндистон, Эрон, Россия ва Туркия эса бу борада иккинчи даражали (кулранг) мамлакатлар ҳисобланишади. Қолган мамлакатларда журналистларнинг ўлдирилиши ҳодисаси қайд этилмаган.

2004 йилда ташкил этилган Press Emblem Campaign ўзининг статистикасини 2006 йилда юрита бошлаган бўлиб, ҳозирга қадар дунё бўйлаб 1281 нафар матбуот ходими, яъни йилига ўртача 118 киши ҳалок бўлганлигини таъкидлайди. Шу билан бирга, сўнгги тўрт йил давомида ўртача йиллик кўрсаткич 134 кишига ортганлиги маълум қилинган.

Top