Москва шаҳар суди илмий ва тиббий журналист Даря Шипачевани давлатга хиёнат қилиш айби билан 12 йил муддатга колонияга ҳукм қилди. Суд, шунингдек, унга нисбатан 300 минг рубл миқдорида жарима ҳам тайинлади. Бу ҳақда «Медиазона» нашри хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, прокуратура ҳам 35 ёшли журналист учун айнан 12 йиллик жазо сўраган. Ҳимоя томони эса судя Сергей Подопригоровдан Шипачеванинг айбини тан олгани ва тергов билан ҳамкорлик қилганини инобатга олишни сўраган. Суд муҳокамаси тахминан бир ярим соат давом этган.
Журналистга нисбатан қўзғатилган жиноят иши махфийлаштирилган. Суд ёпиқ тартибда ўтказилгани боис, унга аниқ қандай айб қўйилгани расман маълум қилинмаган. Шу билан бирга, суд Даря Шипачевага тегишли 1,5 миллион рублни мусодара қилишга ҳам қарор қилган. Бундай чора, одатда, жиноий фаолиятни молиялаштириш билан боғлиқ ишлар бўйича қўлланади.
«Медиазона»нинг журналист дугонасига таяниб ёзишича, гап маълум бир пул ўтказмаси ҳақида кетган, аммо бу маблағ Украина армиясига юборилган-йўқлиги унга ҳам аниқ эмас.
Даря Шипачева 2025 йил апрел ойида Москвада қўлга олинган. Унинг яқинларига кўра, тунда махсус кучлар ходимлари хонадонга бостириб кирганидан кейин журналист билан алоқа узилган. Кейинчалик у Ростов-Дон шаҳрига олиб кетилиб, ўша ерда қамоққа олинган.
Нашр маълум қилишича, расмий айблов эълон қилингач, Шипачева тергов билан келишувга борган.
Қўлга олинишидан аввал Даря Шипачева илмий ва тиббий журналистика соҳасида фаолият юритган. У РБК, «Лента.ру», «Такие дела», Forbes, Wonderzine ва Reminder каби қатор оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилган.











