ЎзМУда Тинчлик дарслари ўтказилмоқда
Юртимизда инсонлар мудом қадрли, ўтганлар хотираси эса абадийдир.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Тинчлик дарслари ўтказилмоқда.
Бу дарсларда иккинчи жаҳон урушида қатнашган ва фронт ортида меҳнат қилган нуронийлар, фахрийлар ҳам иштирок этмоқдалар.
ЎзМУ Ахборот хизматидан хабар берилишича, 6 май куни университетнинг Физика ва Биология-тупроқшунослик факультетларида ўтказилган дарсларда “Қадрият, эътибор ва эъзоз”, “Ватан эркинлиги учун ўз жонини қурбон қилганлар хотираси ҳамиша барҳаёт”, “Хотира муқаддас, инсон қадри азиз”, “Тинчлик қадри” каби мавзулар талабаларда катта қизиқиш уйғотди.
– Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланаётгани юртимизда инсон хотираси қанчалик муқаддас, қадр-қиммати азиз эканлигини кўрсатади,– деди университет проректори Давлатбой Жумабоев.– Бу сана урушларда қурбон бўлган миллионлаб юртдошларимиз хотирасига таъзим қиладиган, бугун сафларимизда юрган, осмонимиз мусаффолиги, юртимиз равнақи йўлида хизмат қилган нуронийларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатиладиган эзгу маросимдир. Бундай кунларда бугунги тинч ва осуда ҳаёт, мусаффо осмон, тўкинлик ва фаровонликка қандай оғир йўқотишлар, синов ва машаққатлар эвазига эришилгани хаёлимиздан ўтади. Бизга насиб этган мустақиллик, тинчлик ва осойишталикнинг аҳамиятини теранроқ англаймиз. Юртбошимиз таъкидлаганидек, инсон, халқ, миллат тарихий хотира билан тирик ва барҳаётдир. Ҳеч шубҳасиз, бу урушда халқимиз кўрсатган матонат, мардлик ва қаҳрамонлик намуналарини авлодларимиз асло унутмайди, жанг майдонларида бизнинг ўғлонларимиз нимага қодир эканини доимо ғурур ва ифтихор билан эслайди. Биз аввало урушда қатнашган, мардлик ва жасорат кўрсатган фахрийларини, шулар қаторида фронт ортида меҳнат қилган юртдошларимизни, бутун халқимизни табриклаш билан бир қаторда, урушдан қайтмаган ватандошлар хотираси олдида бош эгиш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Тинчлик дарсларида иштирок этган ветеранлар Равшан Охунов ва Шуҳрат Шоназаров Афғонистонда байналмилал жангларида кўрган-кечирганларини сўзлаб бердилар.
Дарҳақиқат, хотира – ўтганларни эслатиб туради, ўзликни англатади. Қадр – инсонни улуғлайди, жамиятни безайди. Хотира ва қадрлаш куни мазмун-моҳиятида ана шундай эзгу тамойиллар мужассам. Юртимиз мустақиллиги йилларида мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик мустаҳкам қарор топди. Катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, меҳр-оқибат туйғулари одамлар қалби ва шууридан чуқур жой олди. Аждодлар хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, бугун сафларимизда юрган, элу юрт тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларни эъзозлаш маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, истиқлол даврида туғилиб вояга етган, мустақил ва янгича фикрлайдиган, буюк мақсадлар сари интилаётган фарзандларимиз ота-боболаридан мерос бўлиб қолган ўз юртини, туғилган тупроғини муқаддас деб билиши, унинг эртанги ёруғ куни учун бутун борлиғини бағишлашга, керак бўлса, жонини фидо қилишга тайёр бўлиши – буларнинг барчаси бугун ҳал қилувчи кучга айланиб бораётган ёшларимиз ҳаётининг узвий бир қисмига айлангани ҳаммамизга ишонч ва куч-қувват бағишлайди.
Мавзуга оид
16:52 / 07.11.2024
Ўзбекистоннинг 23 та олийгоҳи Осиё университетлари рейтингига кирди
21:27 / 31.10.2024
Навоий давлат университети ташкил этилди
14:36 / 24.10.2024
“Бир ойда фойдаланишга топширамиз” – Аграр университети ётоқхонаси таъмиридаги камчиликлар бартараф этилаётгани айтилди
12:30 / 23.10.2024