Мамлакатимизда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, имони бутун юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш том маънода миллий қадриятга айланди. 1999 йил 2 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов уруш фахрийлари, иштирокчилари ва урушда қурбон бўлганларнинг оилаларидан тушаётган кўплаб илтимосномаларни, халқимизнинг, жамоат ташкилотларининг билдираётган хоҳиш-иродасини инобатга олиб, Иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши курашиб ҳалок бўлганларнинг, мамлакатимиз озодлиги ва мустақиллиги учун жон берган Ўзбекистоннинг барча ўғлонлари хотирасини абадийлаштириш муҳимлигини назарда тутган ҳолда, бугун ҳам сафларимизда туриб Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган барча кишиларнинг ҳурматини жойига қўйиш мақсадида “9 Май Хотира ва Қадрлаш куни деб эълон қилиш тўғрисида фармон қабул қилди.
Фармонда “Хотира ва Қадрлаш кунининг умумхалқ байрами сифатида, кенг нишонланишини таъминлаш барча давлат, нодавлат ва жамоат ташкилотларининг, идора ва корхоналарнинг, биринчи галдаги вазифаси, барча Ўзбекистон фуқароларининг ор-номус, виждон иши ва анъанавий бурчи деб белгиланиши, фашизм устидан қозонилган ғалабага ҳисса қўшган, Ватанимиз мустақиллиги учун жонини, бор куч-қувватини аямаган бирор бир фахрий, бирор бир киши унутилмаслиги кераклиги, уларнинг ҳар бирига муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиши шарт”лиги белгилаб қўйилди. Инсон хотираси муқаддас, қадр-қиммати азиз ва мўътабардир. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда кенг нишонланаётган Хотира ва қадрлаш куни мазмун-моҳиятида ана шундай инсонпарвар тамойиллар ўз ифодасини топган.

Шуниси эътиборлики, Ўзбекистонда қабул қилинган тарихий фармондан беш йил ўтиб, 2004 йил 24 ноябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси резолюциясия қабул қилиб, унда Иккинчи жаҳон уруши қурбонлари хотираси учун 8 ва 9 май кунларини Хотира ва Яраш куни сифатида эълон қилиш белгиланди.
БМТ Бош Ассамблеяси 2004 йилнинг 24 ноябрида 8 ёки 9 майни Хотира ва Яраш куни сифатида нишонлаш борасида № A/RES/59/26 қабул қилган резолюцияда БМТга аъзо мамлакатларнинг бу кунлардан бирини ўз хоҳишларига кўра номлашлари мумкинлиги ҳам таъкидланган. Бош Ассамблея сана қандай номланишидан қатьий назар 8 май ёки 9 майдан бирида иккинчи жахон уруши қурбонларининг хотираси ёдга олиниши керак деган хулосага келди. Байрамдан кўзланган асосий мақсад ёш авлод қалбида ғалабага улкан ҳисса қўшган, инсониятни қуллик исканжасидан қутқарган ота-боболаридан фахрланиш туйғусини уйғотиш, ғалаба йўлида қурбон бўлганларнинг хотирасини ёдга олишдан иборат.











