Ўзбекистон | 00:25 / 13.05.2016
33490
5 дақиқада ўқилади

“Биз буюк юрт фарзандларимиз” шиори остида ўтказилаётган ёшлар фестивалининг иккинчи куни бўлиб ўтди

Биз бугун Андижонда ўтказилган тадбирлар давомида ёшлар қалбида ўз Ватанига, Мустақиллик ғояларига содиқлик ва собитлик ҳиссини, тинч ва осуда юртда камол топаётганидан юраги ғурур ва ифтихорга тўла эканлигини яна бир бор кашф этдик.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан мамлакатимиз миқёсида ташкил этилган шу номли ёшлар фестивалининг Андижон вилоятидаги иккинчи куни ҳам кўтаринки руҳда ўтганига гувоҳ бўлдик. Тарғибот гуруҳи вакиллари вилоятнинг Олтинкўл, Марҳамат, Асака, Булоқбоши, Ҳўжаобод, Избоскан ва Пахтаобод туманларига   ташриф буюрдилар. Бўлиб ўтган учрашув ва гала-концерт дастурлари давомида ёшлар билан турли лойиҳалар асосида суҳбатлар ўтказилди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Минхожиддин Мирзо, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Меҳмонали Салимов ва Малика Қаюмова, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари Гўзал Жуманиёзова(Дилсўз), Отабек Муталхўжаевлардан иборат тарғибот гуруҳи  Олтинкўл туманида бўлди.       
17-сон мусиқа ва санъат мактабида “Ватаним – менинг фахрим ” лойиҳаси асосида ўтказилган тадбирда тарихи ва бугуни буюк бўлган юртда  ёш авлоднинг баркамол камол топиши учун яратилган барча шароитлар ҳақида сўз бориб, шоир ва журналист Минхожиддин Мирзонинг киндик қонимиз тўкилган  заминни улуғловчи шеърлари тингланди. Мусиқа ва санъат мактабининг иқтидорли ўқувчилари томонидан ижро этилган қўшиқ ва куйлар тарғибот гуруҳи вакилларида катта тассурот қолдиргани таҳсинга лойиқ.

Олтинкўл тумани марказидаги маданият уйида ташкиллаштирилган тадбир долзарб мавзулар  -  “Одам савдоси – давр муаммоси”, “Диний экстремизм ва терроризм – ёшлар келажагига таҳдид” лойиҳаларга бағишланди. Учрашувда юртимиз ёшларининг бугунги кунда барча соҳаларда қўлга киритиб келаётган улкан ютуқлари, шу билан бирга, ҳозирги мураккаб замонда ёшларимиз онгини миллий қадриятларимизга ёт бўлган зарарли ғоялар таъсиридан ҳимоя қилишга ҳар биримиз жиддий ёндошишимиз лозимлиги эътироф этилди. Эркин мунозара тарзида ўтган машваратда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб топдилар. 

Олтинкўл Саноат касб-ҳунар коллежида тарғибот гуруҳини - кўзлари чақнаб турган ўқувчилар миллий либосларда, андижонча шўҳ рақслар билан кутиб олишди. Ўқув муасассасида ўтказилган лойиҳа мавзуси “Замонамиз қаҳрамонлари” бўлганлиги боис, мулоқот давомида туғилиб ўсган заминга садоқат руҳида тарбия топиб, унинг равнақи учун бор куч ғайратини сарфлаш ҳам қаҳрамонликнинг бир кўриниши эканлиги ҳақида гапирилди. “Ниҳол” мукофоти совриндорлари Отабек Муталхўжаев ва Дилсўз ижросидаги Ватанни мадҳ этувчи қўшиқлар даврага файз киритди.   

Тумандаги ёшлар фестивалнинг узвий якуни бўлган “Марказий” ўйингоҳдаги гала-концертда ўйингоҳга йиғилган 3000 нафарга яқин ёшлар меҳмонларни баралла - “Биз буюк юрт фарзандларимиз” дея кутиб олишди. Концерт дастури давомида эл суйган санъаткорлар Ўзбекистон халқ артисти Бахтиёр Ихтиёров, Ўзбекситонда хизмат қўрсатган артист Саида Раметова, хонандалари  Нилуфар Саидова, Севинч Мўминова, Дилсўз, Асилбек Неъматов, Масрур Усмонов, Отабек Муталхўжаев ва бошқа санъаткорларнинг чиқишлари йиғилганларга ажойиб кайфият тақдим этди.

Стадионни тўлдириб ўтирган олтинкўллик ёшлар улар билан биргаликда куйлаб, шўх оҳангларга рақсга тушдилар.   
Фестивал кунларида ўтган ҳар бир лаҳза мустақил диёримиз ёшлари қалбида бир умрга ёдда қолиши аниқ. 
Фурсатдан фойдаланиб, тарғибот гуруҳи сафида Андижонга ташриф буюрган санъаткорларни суҳбатга тортдик.

Гўзал Жуманиёзова (Дилсўз), “Ниҳол” мукофоти совриндори:

- Бугунги учрашувлар давомида олтинкўллик ёшларнинг эгаллаган билим ва салоҳиятини кўриб, тўғриси роса тўлқинланиб кетдим. Дарҳақиқат юртимизнинг мана шундай шижоатли ёшлари бор экан, мустақил диёримизнинг келажаги албатта буюкдир.

 

 

Муаллиф:  Элмурод ЭРМАТОВ, Андижон

Мавзуга оид