Британия ЕИдан чиқмоқда: Brexit ҳукуматнинг энг йирик таназзулими?
Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан (ЕИ) чиқиш тарафдорлари 16,1 миллион овоздан иборат тўсиқни енгиб ўтиб, 17,1 миллионлик овоз билан референдумда ғалаба қозонишди.
Орадаги тафовут кичик бўлди. Расмий маълумотларга кўра, мамлакатнинг ЕИдан чиқиши учун британияликларнинг 51,9 фоизи овоз берган.
"ЕИдан чиқиш учун 17 миллион 410 минг 742 нафар сайловчи овоз берган. Унда қолиш учун эса - 16 миллион 141 минг 241та овоз тўпланган", - дея маълум қилди Сайлов комиссияси вакили Манчестерда ҳамда сайловдаги иштирокнинг 72,2 фоизни ташкил қилганини таъкидлади.
Референдум қонуний равишда мажбурий эмас, яъни ҳукумат мамлакат тақдирини мустақил ҳал қилиши мумкин.
Экспертлар референдумда Дэвид Кэмероннинг ўзи ташаббус кўрсатгани учун у британияликларнинг фикрини эътиборсиз қолдириши даргумонлигини айтишмоқда.
Бош вазир ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз ўрнида қолишини таъкидлашига қарамай, бир қатор сиёсатшунослар унинг истеъфога чиқишини тахмин қилишмоқда.
Сайлов натижалари - Буюк Британиянинг ЕИдан чиқиш йўлининг бошланиши бўлиб, ундаги жараёнлар Лиссабон келишуви томонидан бошқарилади.
Яқин икки йил ичида Лондон ЕИдаги мамлакатларнинг ҳар бири билан "алоҳида ҳамкорлик қилиш шартлари ҳақида" келишиб олиши керак.
Экспертларнинг фикрича, узилиш максимал даражада мураккаб ва узоқ давом этиши учун Европа ҳамма нарсага тайёр.
Мамлакат бир неча йилдан кейингина ЕИни буткул тарк этиши мумкин. Буни Евроиттифоқдан чиқиш кампаниясининг етакчиси Мэттью Эллиот ҳам тан олди.
Унинг фикрича, Кэмерон бошқа мамлакатлар ҳукуматлари билан норасмий музокараларни бошлаши керак ва фақат шундан кейингина Лиссабон келишувини татбиқ этиш масаласини кўтариши лозим.
Сайлов натижалари тўғрисидаги маълумотлар Британия фунтининг курсини тушириб юборди - у 1,35 доллардан пасайиб кетди. Миллий валюта 1985 йилдан бери бундай аҳволга тушмаган эди.
Экспертлар Brexit (Britain+exit) - Британия ҳукумат раҳбарининг энг йирик таназзули, деб таъкидлашмоқда.
Референдумда Уэльс ва Англия аҳолисининг асосий қисми Brexit учун овоз берди, қироллик таркибидаги яна 2 мамлакат, Шотландия ва Шимолий Ирландияда эса мамлакатнинг ЕИда қолиши тарафдорлари катта устунликка эга бўлишди.
Бу эса қиролликнинг парчаланишига оид фикр мулоҳазаларни келтириб чиқармоқда.
Буюк Британиянинг Евроиттифоқдан чиқишига доир гап-сўзлар 1973 йилдан бери муҳокама қилиб келинади.
23 июнда ўтказилган референдум биринчиси эмас, 1975 йилнинг июнида ҳам шу мавзудаги сайлов ўтказилган, унда ЕИ тарафдорлари 67,2 фоиз овоз тўплаб, ғалаба қозонишган.
Мавзуга оид
08:08 / 14.11.2024
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
20:45 / 12.11.2024
Англияда биринчи аккумуляторли поезд синовдан муваффақиятли ўтди. У соатига 120 км тезликка чиқди
18:15 / 12.11.2024
Буюк Британия мудофаа эҳтиёжлари учун ядровий ёқилғи ишлаб чиқаришни қайта тиклаши мумкин
19:02 / 10.11.2024