Жаҳон | 16:07 / 27.06.2016
5361
2 дақиқада ўқилади

АҚШда мамлакатга кирувчи хорижликлардан ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлари ҳақида ҳисобот сўраш таклиф қилинди

АҚШ божхона ва чегара мудофааси хизмати (СВР) I-94 миграция шаклининг қўшимча қаторини кўзловчи янги қонун лойиҳасини тасдиқлади. Унга кўра, АҚШга кирувчи хорижий шахсларга турли ижтимоий тармоқларда қўлланиладиган ник номлари ҳақида маълумот бериш таклиф қилинган. 

Ҳужжатдаги янги сатрни тўлдириш мажбурий эмас, бироқ бу Америка чегара қўшинларига хорижий сайёҳларнинг виртуал ҳаётидан хабардор бўлиш имконини беради. 

Қонун лойиҳасида фойдаланувчиларнинг ижтимоий тармоқлардаги профилларини текшириш тартибига аниқлик киритилмаган. Бироқ шу йўл билан қўлга киритилган маълумотлардан разведка мақсадида фойдаланилади. 

"Турли ижтимоий тармоқлардан йиғилган маълумотлар тергов олиб боришда мавжуд услубни янада такомиллаштириш имконини беради ва АҚШ ички хавфсизлик вазирлигининг у ёки бу хорижликнинг амалга ошириши мумкин бўлган ноқонуний ҳаракатларидан хабардорлик даражасини кўтаради", дейилган СВР расмий маълумотида.

I-94 миграция шакли АҚШга кираётган барча хорижликлар учун мажбурий ҳужжат ҳисобланади. Мамлакатга самолёт ёки сув транспорти орқали келиш ҳамда ESTA электрон шаклини олдиндан тўлдириш ҳолатларида I-94 миграция шаклини тўлдириш мажбурий эмас. ESTA электрон шаклига ҳам шундай мазмундаги янги сатр киритилиши режалаштирилмоқда.
 

Мавзуга оид