Рамазон ойи кириб келар экан баъзи кишилар масъул бўлмаган нарсалар ҳақида бошқотириб, ўзлари билмаган ҳолда ўзаро кўнгилсизликлар келтириб чиқарадилар. Рамазон ойи бошида безовталаниб, бир-бирларига: “Фалон-фалон давлатда бугун рўза тутибдилар, биз нима қиламиз ёки биз рўза тутиб қўйибмиз-ку, бошқа давлатдагилар ҳали тутмаган эмишлар, энди нима бўлади?” деган турли хил гаплар тарқатиб юришлари қулоқларимизга чалиниб қолаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бундай гапларнинг тарқалиши нафақат рамазон ойининг бошланишида, балки охирида ҳам кузатилади. Масалан: “Фалон мамлакатда бугун ҳайит экан, биз эса ҳали рўзадормиз ёки бугун бизда ҳайит, ваҳоланки фалон давлат аҳолиси рўзаларини очмабдилар”. 

Тўғри,  баъзида бу каби гаплар кимларгадир тасалли бўлиши мумкин, лекин бора-бора бу “тасаллилар” фитна эшиги очилишига сабаб бўляпти, мусулмонлар ўртасида тарафкашлик, тарқоқлик ҳамда ихтилофни келтириб чиқаряпти. Натижада, мусулмонлар ўртасида ака-укачилик ришталари узилиб, ўзаро бирликлари йўқолиб бормоқда.

Қанча-қанча кишилар борки, шариат масалалари борасида масъул бўлган кишилар томонидан рамазон ойининг тугаганлиги ва эртага ҳайит намози эканлиги ҳақида эълон қилинганини эшитсаларда, бундай фатво билан қониқмай, ўз ҳамтовоқлари билан рўзаларини давом эттиришга келишиб оладилар. Яна шундайлари борки, динда масъул шахслар томонидан рамазон ойини бошланиш куни эълон қилинганини эшитадилар. Бироқ ўзга мамлакатларда бошқа кун эканини билсалар, ўз юртларидаги мазкур фатвога қониқиш ҳосил қилмаганлари сабаб, эртаси куни рўза тутмайдилар. Афсуски, бу ҳолат ҳар йили давом этмоқда, тўхтагани йўқ! Бундай ҳолатда нима қилишимиз керак?...

Яхшиси, келинг, барчамиз бир ҳақиқатга эътиборимизни қаратайлик. 

Азизлар! Шариат масалалари борасида масъул бўлмаган, шу билан бирга илмсиз бўлган кишилар бундай ишга аралашишлари ёки ўзларидан келиб чиқиб бўлсин ёки бошқа мамлакатларга қараб бўлсин турли хил фикрларни билдиришлари, устига-устак инсонлар орасида шак-шубҳаларни пайдо қилишлари беҳудага вақтни сарфлаш ҳамда ўринсиз чираниш ҳисобланади. Набий алайҳиссалом: “Киши ўзига муҳим бўлмаган (беҳуда) нарсаларни тарк қилиши исломининг гўзаллигидандир”, дея марҳамат қилганлар. (Абу Ҳурайра ривояти) 

Аллоҳ таоло бандаларига вожиб қилган нарсалар икки қисмдир.  

Ҳар бир шахс бевосита ўзи бажарадиган буйруқлари. Бу қисмда ҳар бир киши ўзига буюрилган вожибларни адо қилиши хусусида масъул бўлади.
Ҳар бир шахс билвосита бажарадиган буйруқлар. Бу қисмда ҳар бир киши мусулмонларнинг ишбошилари яъни, муфтийлар, имомлар томонидан буюриладиган вожиб амалларни адо этиш хусусида масъул бўладилар. Ушбу қисмдаги масъулиятни ана шу ишбоши – раҳбар ўз зиммасига олади. Чиқарган фатвоси тўғри бўлиши ҳам мумкин, хато бўлиши ҳам мумкин. Тўғри бўлса, нур устига нур бўлади. Мабодо чиқарилган фатво Яратганнинг наздида хато саналса, унинг гуноҳи барчани қамраб олмайди, балки фатво чиқарганнинг ўзига тегишли бўлади, холос. Лекин мусулмонлар мазкур икки ҳолатда яъни, тўғри топиши ёки хато қилиб қўйиши мумкин бўлган ҳолатда ҳам муфтийлари чиқарган фатвога, имомлари етказган хабарларга эргашишлари, улар йўллаган йўлдан юришлари ва албатта, кўнгиллари хотиржам бўлиши лозим бўлади. Зеро, шундай йўл тутиш Аллоҳ таолонинг буйруғига итоат этиш демакдир.