Иқтисодиёт | 15:38 / 20.07.2016
14079
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ташқи қарзи 154 млрд доллардан ошди

2016 йил биринчи чораги якунларига кўра, Қозоғистон Республикасининг ташқи қарзи 531,5 млн долларга ортиб, 154 млрд долларга етган. Ташқи қарз ҳажмининг ошиши, фирмалараро қарзнинг ўсиши билан боғлиқ бўлиб, у 1 млрддан ортиққа кўтарилган ва 82,8 млрд долларни ташкил этган, деб хабар қилмоқда Finprom.kz

Иқтисодиётдаги турғунлик шароитида, ташқи қарзнинг ЯИМга нисбати ўсиб, 92,3 фоизни ташкил этгани қайд этилган. 

Биринчи чорак якунларига кўра, фирмалараро қарздорлик 82,8 млрд долларга етган (мамлакат умумий ташқи қарзининг 53,8 фоизини ташкил этади). Агар, ушбу кўрсаткич бўйича қарздорлик ҳисобга олинмаса, мамлакат ташқи қарзи 471,2 млн долларга камайиб, 71,146 млрд долларга тушган.

Давлат ташқи қарзи эса, биринчи чоракда 15,9 млн долларга ошган ва 12,2 млрд долларга етган. Давлат томонидан кафолатланмаган ташқи қарз миқдори 141,12 млрддан иборат бўлган. Бу жами ташқи қарзнинг 91,6 фоизи демакдир. Ҳозиргача, Нидерландия (43,7 млрд доллар) Қозоғистоннинг асосий ташқи кредитори бўлиб қолмоқда. 

2016 йилнинг дастлабки 3 ойи мобайнида мамлакатга 136,3 млрд доллар хорижий валютада жалб этилган. 
 

Мавзуга оид