Тошкентда йирик деҳқон бозори қурилиши бошланди
Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги ТТЗ-2 массивида янги деҳқон бозори қурилиши бошланган. Бу ҳақида туман ҳокими Шомансур Аҳмедов маълум қилган.
Лойиҳага кўра, янги бозор 1 қаватли, усти ёпилган павильон кўринишида бўлади. Унда 800та савдо нуқтаси ўрин олиши кўзда тутилган.
Янги бозор қурилиши бўйича ишлар собиқ трамвай ҳалқаси ўрнида аллақачон бошлаб юборилгани айтилган.
"Биз пудратчини белгилаб олдик. Айни вақтда объект ҳудудида котлован (пойдевор ётқизиш учун чуқур) қазилган. Ўйлайманки, янги бозорнинг очилиши кейинги йил Наврўз байрамига бўлиб ўтади", дея ҳокимнинг сўзларини келтиради Podrobno.uz.
Бозорда гўшт, сут, мева-сабзавот ва нон маҳсулотлари учун алоҳида бўлимлар бўлади.
Ҳокимнинг маълум қилишича, бозор қурилишига 7 млрд сўм кредит маблағи ажратилган.