Қозоғистон Ҳарбий-денгиз кучларининг собиқ бош қўмондони Қанат Ниязбеков Каспий денгизидаги машғулотлар вақтида ҳарбий хизматчиларнинг ҳалок бўлиши иши юзасидан ҳибсга олинди. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ўтган ҳафтада уни лавозимидан озод этган эди.

Каспий денгизининг Қозоғистонга қарашли секторида 22 сентябрь куни «Каспий мудофааси — 2026» машғулотлари бошланди. Унга 500 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчи жалб этилди.

24 сентябрь куни ҳарбий машғулотлар давомида об-ҳавонинг кескин ёмонлашиши оқибатида Қозоғистоннинг 17 нафар ҳарбий хизматчисини денгиз тўлқинлари оқизиб кетди. Улардан фақат уч нафарини қутқариб қолишга эришилди.

Қанат Ниязбеков юз берган ҳодисани ноқулай об-ҳаво шароити ва тўлқинларнинг кучайиши билан изоҳлади. Бундай машғулотларни ўтказишда мазкур омиллар инобатга олинганмиди, деган саволга у: «Умуман олганда, инобатга олинади», — деб жавоб берди.

Бу йўқотиш Қозоғистон армияси тарихидаги энг каттаси бўлди. Қосим-Жўмарт Тўқаев барча айбдорларни жавобгарликка тортишни талаб қилди. Беш нафар мансабдор шахс аллақачон ҳибсга олинди, Қозоғистон Мудофаа вазирлиги текширув комиссияси эса машғулотларга тайёргарлик кўриш ва уларни режалаштиришда камчилик ва қоидабузарликларни аниқлади.