Тадбиркорлик ҳаракатини ривожлантириш, унинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш юртимизда ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Чунки ривожланган давлатлар тажрибасидан маълумки, ижтимоий-иқтисодий тараққиётни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик истиқболисиз тасаввур этиб бўлмайди.
Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа субъектлари манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида ишбилармонлик муҳити яхшиланиб, мазкур соҳа вакилларининг эркин фаолият юритишларига кенг имкониятлар яратилмоқда. Шу боис республикамизда мазкур соҳа вакилларининг фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказларининг ташкил этилиши эса бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг узвий давомидир. Зотан, бундан кўзланган асосий мақсад соҳада учрайдиган сунъий тўсиқларни бартараф қилиб, тадбиркорларнинг иш бошлашидан тортиб фаолияти давомида зарур бўладиган хизматларни бир жойда кўрсатиш, уларга янада қулайлик яратишдан иборат.
Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга туртки бўлмоқда.
Мазкур фармон ва у асосида қабул қилинган бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар асосида жорий йилнинг 1 январидан эътиборан мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатиш марказлари фаолият бошлади. Кадрлар захираси шакллантирилиб, малакали мутахассислар билан тўлдирилди. Ҳозир марказларда иқтисодчи, ҳуқуқшунос, шунингдек, молия, солиқ ва бошқа соҳа мутахассислари фаолият юритмоқда. Айни пайтда ҳудудлардаги туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги “ягона дарча” марказлари фаолияти орқали кенг турда хизматлар кўрсатилмоқда.
“Агробанк” акциядорлик тижорат банки томонидан ҳам бу борада бир қатор чора-тадбирлар белгилаб олиниб, амалиётга татбиқ этилмоқда. Айни пайтда тадбиркору фермерлар тезкор банк хизматларини “ягона дарча” орқали амалга оширмоқда.
Мазкур молия муассасаси кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик янада ривожлантириш, соҳа вакилларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида кичик бизнес субъектларига 658 миллиард сўмлик, шундан, 190,7 миллиард сўм миқдорида микрокредитлар ажратилди. Бу кўрсаткич ўтган 2015 йилнинг биринчи ярим йиллигига нисбатан 132 фоизга кўп бўлди.
Шунингдек, банк томонидан 2016 йилнинг биринчи ярим йиллигида тадбиркор аёлларнинг лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашга 70,4 миллиард сўм, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш ва уларнинг тадбиркорлигини ривожлантиришга 21,5 миллиард сўм, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни кенгайтиришга 12,6 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилганлигининг ўзи ҳам бу борада амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар кўлами кенгаяётганлигидан далолат беради.











