Фан-техника | 17:23 / 16.08.2016
7492
2 дақиқада ўқилади

Google видеоқўнғироқлар учун Skype’дан қулайроқ илова яратди

Google видеоқўнғироқлар учун Duo иловаси ишга  тушгани ҳақида расман эълон қилди. Ушбу иловани бир неча кун ичида iOS ва Android тизимидаги қурилмаларга юклаб олиш мумкин бўлади. Бу ҳақида компания сайтида маълум қилинди. 

Иловага кириш учун фақатгина мобиль телефон рақамини киритишнинг ўзи кифоя. Duo ёрдамида қўнғироқларни амалга ошириш учун ҳеч қандай қўшимча рўйхатдан ўтиш талаб қилинмайди. Шунингдек иловадан мобиль телефонларга қўнғироқ қилиш учун фойдаланиш мумкин. 

Google'да қўшимча қилинишича, Duo ҳаттоки сигнал заиф бўлганда ҳам ишлайди. Илова тезлик юқори бўлмаганда тасвир сифатини автоматик тарзда пасайтиради. Бундан ташқари, Duo яратувчилари Wi-Fi'дан 3G ёки LTE'га (ёки аксинча) ўтганда алоқа узилмаслигига ваъда беришмоқда.  

Duo'нинг ўзига хос хусусияти - Knock Knock функцияси. Унинг ёрдамида фойдаланувчи қўнғироқни қабул қилгунга қадар уни амалга ошираётган кишининг камерасидан тасвирни кўриши мумкин бўлади. 

Ишлаб чиқарувчиларнинг сўзларига кўра, бу функция суҳбат бошлангунга қадар кайфиятни кўтариш имконини беради. Фойдаланувчилар ўз хоҳишларига кўра, Knock Knock функциясини созламадан ўчириб қўйишлари мумкин.

Мавзуга оид