Спорт | 07:24 / 23.08.2016
6945
2 дақиқада ўқилади

Америкалик сузувчи жиноят ҳақида ёлғон кўрсатма бергани учун йирик ҳомийларидан айрилди

АҚШлик сузувчи Райан Лохте Риодаги Олимпиадада юз берган можаро сабабли иккита йирик ҳомийсини йўқотди. Сузувчи билан шартномаларни Ralph Lauren ва Speedo компаниялари бекор қилди. Speedo раҳбарияти спортчига аталган 50 минг долларни хайрия ишларига – бразилиялик болаларга ёрдам бериш учун беришга қарор қилди.

Олимпиада вақтида Лохте ва унинг уч нафар жамоадоши тунаб кетилганлари ҳақида полицияга ариза беришган. Уларнинг айтишича, полиция кийимидаги бир неча қуролланган кишилар улар кетаётган таксига ҳужум қилиб, тўппонча билан қўрқитиб, уларнинг ёнларидаги пул ва қимматбаҳо нарсаларни тортиб олишган. 

Бироқ Бразилия полицияси аслида нима юз берганини бошқача тушунтирган. Аниқланишича, сузувчилар Риодаги автомобилларга ёқилғи қўйиш шахобчасида жанжал кўтаришган. Улар АЁҚШ ҳожатхонасига шикаст етказишган. Шундан кейин АЁҚШ қўриқчилари етказилган зиённи қоплашни талаб қилишган. Сузувчилар зарарни қоплагач, қўйиб юборилганлар. Полицияда эса спортчилар ёлғон кўрсатмалар беришган. 

Олимпиадада олтин медални қўлга киритган Лохте ўз қилмиши учун узр сўраган. Шунингдек, АҚШ Олимпия қўмитаси ҳам бу воқеа учун ўз узрини келтирган.

 

Мавзуга оид