Спорт | 09:13 / 24.07.2018
5985
2 дақиқада ўқилади

Америкалик 6 карра Олимпия чемпиони допинг сабабли мусобақалардан четлаштирилди

Фото: Martin Meissner/AP

Америкалик сузувчи, 6 карра Олимпия чемпиони Райан Лохте аксилдопинг қоидаларини бузгани учун АҚШ аксилдопинг агентлиги (USADA) томонидан 14 ойга мусобақалардан четлаштирилди. Спортчига хусусий клиникалардан бирида рухсат берилган восита киритилган, бироқ унинг дозаси мумкин бўлган миқдордан ошиб кетган.

Қоидаларга кўра, вена орқали исталган тиббий воситанинг 12 соатда 100 млдан ошувчи дозасини қабул қилиш даволаш истисноси мавжудлигидагина мумкин. Лохтеда эса бундай рухсат бўлмаган.

Сузувчи ўз айбини тўлиқ тан олган ва терговга кўмак кўрсатган. 33 ёшли спортчи 24 майдан бошлаб четлатилган ҳисобланиб, 2019 йил 24 июлдан яна мусобақаларда иштирок этишга қайтиши мумкин. Шу сабабли Лохте 2019 йилги жаҳон чемпионатини ўтказиб юборишига тўғри келади.

Лохте Рио-де-Жанейродаги Олимпиадада ўғрилик ҳақида ёлғон кўрсатмалар бергани учун 9 ойга четлатилганди. 

У ўша Олимпиадада АҚШ терма жамоаси таркибида 4х200 метрга эстафетада олтин медални қўлга киритганди. У, шунингдек, Афина Олимпиадасида битта олтин, Пекин ва Лондон Олимпиадаларида иккитадан олтин медал олишга муваффақ бўлган. Спортчи жаҳон чемпионатларида 18 та олтин медални қўлга киритган.

Мавзуга оид