Ватанимиз, бутун ўзбек халқи ўта оғир жудоликка учради. Буюк давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов 2 сентябрь куни оғир касалликдан сўнг вафот этди.  
    
Ислом Абдуғаниевич Каримов 1938 йил 30 январда Самарқанд шаҳрида хизматчи оиласида туғилди. Ўрта Осиё политехника институти ва Тошкент халқ хўжалиги институтини муҳандис-механик ва иқтисодчи мутахассисликлари бўйича тугатди.

Меҳнат фаолиятини 1960 йилда Тошкент қишлоқ хўжалик машинасозлиги заводида бошлади. 1961 йилдан 1966 йилгача  Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида муҳандис, етакчи муҳандис-конструктор бўлиб  ишлади. 

1966 йилда Ўзбекистон ССР Давлат план комитетига ишга ўтиб, мутахассисликдан Республика Давлат план комитети раисининг биринчи ўринбосари лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтди.

Ислом Абдуғаниевич Каримов 1983 йилда Ўзбекистон ССР Молия министри, 1986 йилда Ўзбекистон ССР Министрлар Совети Раисининг ўринбосари, Республика Давлат план комитетининг раиси этиб тайинланди.

У 1986-1989 йиллар мобайнида Қашқадарё вилояти партия комитетининг биринчи котиби лавозимида ишлаб, ўзининг катта раҳбарлик ва ташкилотчилик қобилияти, фидойилиги ва қатъияти, эл-юрт дардини, одамларнинг ташвиш ва муаммолари, уларнинг талаб ва манфаатларини юракдан ҳис қилиши билан ғоят оғир ижтимоий-иқтисодий аҳволга тушиб қолган вилоятдаги вазиятни қисқа вақт ичида тубдан ўзгартиришга эришди. 

Ислом Абдуғаниевич Каримов 1989 йилнинг июнидан Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби этиб сайланди. 

Ўша пайтда республикамиз фуқаролар уруши, қон тўкиш, миллатлар ва конфессиялараро можаролар ёқасида турган эди. Воқеаларнинг худди шундай ривожи қўшни мамлакатларда амалга оширилган эди. Ана шундай ўта оғир даврда у ўзининг воқеаларни олдиндан кўра билиш қобилияти, кучли иродаси ва қатъияти билан халқимиз ва мамлакатимизни шундай ачинарли қисматдан сақлаб қолди. 

Айнан ўша даврда халқимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов тимсолида мард, букилмас ирода эгаси ва содир бўлаётган фавқулодда мураккаб ҳодисаларнинг моҳиятини давлат манфаатлари нуқтаи назаридан кўра оладиган, ўз Ватани ва халқи, ҳар бир юртдошининг тақдири учун алоҳида масъулиятни ҳис эта оладиган ҳақиқий раҳбарга эга бўлди. 

 1990 йил 24 март куни Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг сессиясида Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистон ССР Президенти этиб сайланди. 1991 йил 29 декабрда муқобиллик асосида ўтказилган умумхалқ сайловида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти этиб сайланди.