Жаҳон | 14:37 / 05.09.2016
38459
2 дақиқада ўқилади

Путин ўз ворисини қандай тасаввур қилиши ҳақида айтди

Россия президенти Владимир Путиннинг ҳисоблашича, мамлакатнинг бўлғуси раҳбари етарли даражада ёш, шу билан бирга расо бўлиши лозим. Бу ҳақда у Bloomberg нашрига 1 сентябрь куни Владивостокда берган интервьюсида айтиб ўтган. Интервью матни 5 сентябрь куни Кремль сайтида эълон қилинди.

«Бўлғуси етакчи ҳам ёш, ҳам баркамол бўлиши керак», — деган Путин.

Шу билан бирга у 2018 йилги сайловда қайта сайланиш-сайланмаслиги ҳақида ҳеч нарса билмаслигини айтиб ўтган.

"Мен ҳозирча ўзим учун ҳеч нарсани ҳал қилмадим", деган у.

"Ҳозир биз парламент сайловлари арафасидамиз. Бу сайловлар ўтгач, натижалардан хулоса чиқарамиз. Қолаверса, президентлик сайловларигача ҳали 2 йил муддат бор. Шунинг учун бу ҳақда гапиришга жуда эрта", деган у журналистнинг саволига жавобан.

Шу йилнинг март ойида ўтказилган ижтимоий сўров якунига кўра, сўровномада иштирок этганларнинг 74 фоизи Путинни қўллаб-қувватлаши маълум бўлганди. 15 фоиз киши кейинги сайловда унинг номзоди учун овоз бермаслигини, 11 фоиз киши эса бу саволга жавоб бера олмаслигини билдирган.

Россияда кейинги президентлик сайлови 2018 йилнинг кузида ўтказилади. Қонунчиликка кўра, давлат раҳбари ўз лавозимини бир сайланишда 6 йил давомида эгаллаб туради. Путин сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга. У 2012 йилда президентликка сайланган. 1998-2008 йиллар давомида мамлакатни бошқарган Путин, 2008 йилдан 2012 йилгача бош вазир бўлганди.

Мавзуга оид