Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги нутқи.

Ҳурматли Спикер! 
Ҳурматли Сенат раиси!

Муҳтарам депутатлар ва сенаторлар!

Қадрли қўшма мажлис иштирокчилари!

Шу кунларда барчамиз биргаликда юрагимизда чуқур дард билан, ўрнини тўлдириб бўлмайдиган оғир жудоликни бошимиздан кечирмоқдамиз. Нуроний оқсоқолларимиз, мўътабар оналаримиз ва опа-сингилларимиз, ёш йигит ва қизларимиз, 32 миллионлик бутун Ўзбекистон халқи, хорижий мамлакатлардаги кўпсонли дўстларимиз буюк давлат ва сиёсат арбоби, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовни чексиз қайғу билан сўнгги йўлга кузатдилар.

Шу фурсатдан фойдаланиб, азиз Ислом Абдуғаниевичнинг рафиқаси — ҳурматли Татьяна Акбаровнага, қизи — Лола Исломовнага ва яқинларига барчамизнинг номимиздан яна бир бор чуқур таъзия билдиришга рухсат бергайсиз.

Вақт ва ҳаётнинг ўзи Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг замонамизнинг улуғ сиёсатчиси, узоқни кўрадиган ва стратегик фикр юритадиган шахс, дунёда ва турли минтақаларда юз бераётган ўта мураккаб воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятини давлатчилик нуқтаи назаридан кўра билиш қобилиятига эга бўлган, ўз юрти ва халқи учун, ҳар бир ватандошимизнинг тақдири учун улкан масъулият туйғусини чуқур ҳис қиладиган атоқли раҳбар эканлигини ҳар томонлама тасдиқлади.

Миллий тарихимизнинг энг кескин ва таҳликали даврида, миллатлараро тўқнашувлар ва бошқа зиддиятлар авж олган, мамлакатимизда фуқаролар уруши хавфи юзага келган, иқтисодиёт чуқур инқирозга учраган, бир сўз билан айтганда, эски замоннинг умри тугаб, янги замон бошланаётган бир пайтда Ислом Абдуғаниевичнинг республика раҳбари этиб сайланиши Яратганнинг халқимизга бебаҳо марҳамати бўлган эди.

Ислом Абдуғаниевичга хос бўлган букилмас ирода, фидойилик, мардлик ва ватанпарварлик, инсонийлик ва адолатпарварлик, самимийлик ва меҳрибонлик каби олижаноб фазилатлар барчамиз учун ёрқин ибрат намунаси бўлиб қолди.

Замонавий Ўзбекистоннинг тарихи — бу мамлакатимизнинг ҳақиқий мустақилликка эришиш йўлида Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳнамолигида олиб борилган ўта мураккаб ва оғир курашлар тарихидир. Буюк Йўлбошчимиз ҳақли равишда демократик талаблар ва халқаро мезонларга тўлиқ жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ҳам асосий муаллифи эдилар.

Мамлакатимиз тоталитар тизимдан воз кечиб, мустақил тараққиёт йўлини танлади, кўплаб қийинчилик ва синовлардан ўтиб, тарихан қисқа даврда жаҳон ҳамжамиятида ўзига муносиб ўрин эгаллади.