АҚШ яна 11 сентябрь воқеаларини эсламоқда. Бугун 3 мингга яқин кишининг ўлимига сабаб бўлган фожиали терактни бутун дунё ёдга олмоқда. АҚШ ва дунё тарихида мисли кўрилмаган террор юз берганига 15 йил тўлди.

2001 йилнинг 11 сентябрида Нью-Йоркда Boeing 767 русумли 2та йўловчи самолёти Жаҳон савдо марказининг 110 қаватли эгизак биноларига келиб урилди, учинчи самолёт — Boeing 757 Вашингтондаги АҚШ мудофаа вазирлиги биносига қулаб тушди, тўртинчи самолёт эса (у ҳам Boeing 757) Питсбург шаҳридан 80 миль нарига қулади. Самолётлар American Airlines ва United Airlines авиакомпанияларига тегишли бўлган ва худкуш террорчилар томонидан ўғирланган.

Терактлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 3 минг нафарга яқинни (2 минг 977 киши) ташкил қилди. Уларнинг 246 нафари самолёт йўловчилари эди. Жаҳон савдо марказида 2 минг 606 киши, Пентагонга ҳужум оқибатида  125 киши ҳалок бўлди. Ҳалок бўлганларнинг 72 нафари полиция ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари, 343 нафари ўт ўчирувчи, 55 нафари ҳарбий хизматчи эди. Қурбонлар орасида  90та мамлакат фуқаролари бор эди.

Бу терактлар Миср, Саудия Арабистони, БАА ва Ливан фуқаролари бўлган 19 террорчи томонидан содир этилган. Улар «Ал-Қоида» террорчилик ташкилотига алоқадор бўлиб, АҚШда қонуний равишда яшаган, уларнинг баъзилари эса Америка учувчилик мактабларида ўқиган.

Нью-Йоркка етказилган зарар 36 миллиард долларга яқин бўлди, Жаҳон савдо ташкилоти миноралари жойлашган ҳудудни тозалаш ишлари 8 ойдан ортиқ вақт давом этди.