Ўзбекистон | 17:21 / 14.09.2016
84911
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Бишкекдаги МДҲ саммитига бормайди

Бишкекда бўлиб ўтадиган МДҲ саммитида Ўзбекистон Республикаси номидан Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов иштирок этади. Бу ҳақда бугун Қирғизистон президенти девонининг ташқи сиёсат бўлими мудири Сапар Исаков брифинг чоғида маълум қилган.

Исаковнинг айтишича, Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг ички ишлари билан бандлиги туфайли саммитга бора олмаслигини билдирган.

«Биз ундан яқиндагина мактуб олдик. Ўзбекистон ҳозирда президентлик сайловларига тайёрланмоқда. Бу ҳеч ўзаро муносабатлар ҳолати билан боғлиқ эмас. Қолаверса, Сооронбай Жээнбеков ва Шавкат Мирзиёев телефон орқали суҳбатлашди. Бизнинг муносабатларимиз ёмонлашмаган», – деган Исаков.

У шунингдек, 12 сентябрь куни Туркманистон томони ташаббуси билан Қирғизистон ва Туркманистон президентлари телефон орқали мулоқот қилгани ҳақида айтиб ўтган.

«Туркманистон президенти ҳам конституция билан боғлиқ муҳим маросимлар туфайли кела олмаслигини билдирди», – деган у.

Саммитда Туркманистон номидан вазирлар маҳкамаси раҳбарининг ўринбосари иштирок этади.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар раҳбарларининг йиғилиши 16 сентябрь куни бўлиб ўтади. Саммитда Арманистон, Озарбойжон, Беларусь, Қозоғистон, Россия ва Тожикистон президентлари иштирок этиши тасдиқланган. 

Бишкекдаги саммитда Молдовадан бош вазир, Украина номидан эса элчи қатнашади.

МДҲнинг юбилей саммитида 15та масала муҳокама қилинади.

Мавзуга оид