Жамият | 12:31 / 20.09.2016
12258
2 дақиқада ўқилади

Ҳолливудлик актёр Жим Керри суд қилиниши мумкин

Машҳур ҳолливудлик комик актёр Жим Керрига нисбатан ариза топширилган бўлиб, унга кўра Керри 2015 йилда ҳаётдан кўз юмган маъшуқаси Катриона Уайтнинг ўлимида гумон қилинмоқда, деб хабар қилган Америка ОАВ. 

Уайт вафот этган вақтда у билан никоҳда бўлган Марк Бёртоннинг уқдиришича, айнан Керри Уайтни кучли оғриқсизлантирувчи дорилар билан таъминлаган. Катриона шу дорилар ёрдамида алалоқибат ўз жонига қасд қилган. 

Грим устаси бўлиб ишлаган Уайт 2015 йил 28 сентябрда Калифорниядаги уйида ўлик ҳолда топилганди. Судтибэкспертизаси хулосасига кўра, оғриқ қолдирувчи ва тушкунликка қарши дорилар, хусусан Эмбиэн, Пропранолол ва Перкоцет каби малҳамлардан заҳарланиш оқибатида ўлим юз берган. Бу дориларнинг барчаси шифокор рухсати билан сотилади. 

«Керри «Артур Кинг» номи остида ушбу малҳамларни ноқонуний равишда олган ва Катриона Уайтга берган», — дея даъвогар ёзган ариза матнидан нусха келтиради USA Today нашри. Даъво аризасида таъкиланишича, Керри маъшуқасининг тушкунликка тушишини ва ўзини ўлдиришга бўлган уринишларини билган. Бундан ташқари, актёр қизнинг ўлимига алоқадорлигини яширишга уринган. Эндиликда адвокатлар мазкур ишни ҳакамлар суди кўриб чиқишини талаб қилмоқда. 

Айтиш жоизки, АҚШда опийли оғриқсизлантирувчи дориларни истеъмол қилиш эпидемия ҳажмига келиб қолган: Kaiser Family Foundation томонидан ўтказилган сўровларга кўра, ҳар беш америкаликнинг бири шифокор рухсати билан сотилиши лозим бўлган шу каби дориларни истеъмол қилади.

Мавзуга оид