15:50 / 21.09.2016
22069

Оқ уй: Гуманитар карвонга ким зарба берганидан қатъи назар Россия айбдор

Оқ уй маъмуриятининг фикрича, Суриянинг Ҳалаб шаҳрига олиб борилаётган инсонпарварлик юкларига фақатгина икки томон зарба бериши мумкин эди: Россия ёки «Сурия тузуми», деб хабар қилмоқда CNN телеканали. Бунда, Вашингтонда уқдиришларича, ҳужум қилган самолётлар Москва ёки Дамашққа қарашли бўлишидан қатъи назар, мазкур ҳужум учун Россия ҳукумати жавобгардир. Россия мудофаа вазирлиги эса, гуманитар автокарвонга террорчилар ҳужумни амалга оширгани ҳақида баёнот берди. 

Қўшма штатларнинг «дастлабки хулосаси»га кўра, инсонпарварлик автокарвони ва Сурия Араб Қизил Яримой жамияти омборхонаси Россия жанговар самолётлари томонидан бомбардимон қилинган, дея хабар қилган CNN телеканали АҚШнинг икки нафар исми ошкор қилинмаган юқори лавозимли мулозимига асосланган ҳолда. 

«Ихтиёримиздаги мавжуд далиллар шундай дейишимизга асос бўлади», – деб таъкидлаган улардан бири. 

Бироқ, Оқ уй маъмурияти ҳозирча қуйидагича қарашни илгари сураяпти: Россия, самолётлар Москва ёки Сурия тузумига тегишли бўлишидан қатъий назар, ушбу ҳужум  учун жавобгардир.

Россия мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенковнинг баёнотига кўра, ушбу ҳудудда бўлган дрон ёрдамида олинган видеолавҳалар таҳлили шуни кўрсатганки, автокарвонни жангарилар таъқиб қилган. 

«Видеода автокарвонни таъқиб қилган террорчилар катта калибрли миномёт етаклаган пикапни йўллаётганини кўриш мумкин», – дея Конашенков сўзларини келтиради CNN телеканали. 
 

Top