18:29 / 10.10.2016
5367

Кувайтдаги нашр Ўзбекистондаги сайлов ошкоралик муҳитида ўтишига ишонч билдирди

Кувайтда чоп этиладиган «As-Siyasa» газетасида «Ўзбекистонда бўлажак президентлик сайловлари ошкоралик муҳитида ўтади» сарлавҳаси остидаги мақола босилиб чиқди. Бу ҳақда Жаҳон ахборот агентлиги хабар берган.

Мақола Ўзбекистонда 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловлари мавзусига бағишланган.

Унда Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг қарорига биноан, жорий йил 4 декабрда республикада давлат раҳбари сайловлари бўлиб ўтажаги тўғрисидаги хабарни газетхонлар эътиборига ҳавола этиш билан бошланади. 

Мақолада “Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси мамлакат Президенти сайловига 4та партиядан кўрсатилган номзодлар иштирок этишини тасдиқлади. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик партияси Ўзбекистон Президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Сарвар Отамуратов, «Адолат» социал-демократик партияси ва Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўз етакчилари Наримон Умаров ва Ҳотамжон Кетмонов номзодларини мамлакат Президенти лавозимига номзод сифатида илгари сургани” маълум қилинган.

Кувайт газетаси сайлов жараёнининг барча босқичларида ошкоралик ва очиқликни таъминлаш олдинда турган Ўзбекистон Президенти сайловларига тайёргарлик кўриш чоғидаги асосий устуворлик ҳисобланишини қайд этган. Шу боис Марказий сайлов комиссияси Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Ислом ҳамкорлиги ташкилоти ва Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциациясига Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг халқаро кузатувида иштирок этиш учун расман таклифномалар юборганини алоҳида таъкидлаган.

“Бир вақтнинг ўзида сайловлар мониторинги учун 300 нафардан зиёд кузатувчи ҳам аккредитациядан ўтади”, деб ёзади нашр.

Шунингдек, «As-Siyasa» газетаси сайловолди кампаниясида сайлов комиссиялари фаолиятини изчил ва тўлиқ ёритишга, Ўзбекистон Президентлигига номзодлар учун оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда кенг ва тенг имкониятлар яратилишини ўз ўқувчиларининг эътиборига ҳавола қилган. 

Бундан ташқари, мақолада Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари ҳақидаги маълумотлар ҳам ўз ифодасини топган. 

Нашр Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 71-сессиясининг умумий мунозараларидаги чиқишига таянган ҳолда Ўзбекистон ўзининг асосий манфаатларини ҳимоя қилиш ва илгари суришга қаратилган ташқи сиёсатини изчил давом эттириши ҳам маълум қилинган. 

Шу билан бирга, муаллиф Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг республика бундан буён ҳам барча хорижий мамлакатлар, жаҳон ҳамжамияти билан самарали ҳамкорликни давом эттириши, бу борада Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги обрў-эътибори ва позициясини янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепцияси фаол амалга оширилишини ҳам қаламга олган.

Мақола интиҳосида олдинда турган мазкур сайловлар умум миқёсда қабул қилинган демократия тамойиллари ҳамда амалдаги миллий қонунчилик меъёрларига мувофиқ равишда ўтказилишига комил ишонч билдирилган.

Top