Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан “Наманган ёшлар маркази”га молиялаштирилган “Оила соғлом – жамият мустаҳкам!” номли грант лойиҳаси доирасида Наманган шаҳар 2-тиббиёт коллежида “Оммавий маданият” – маънавият кушандаси мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Жорий йил 10 октябрь куни бўлиб ўтган тадбирда Наманган вилояти ҳокимлигининг бош мутахассиси Тоҳиржон Дедаханов, коллежнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Рахматулло Мухитдинов, Наманган шаҳридаги “Яхёҳон тўра” жоме масжиди имом хатиби Нуриллохон Жамалов, ФЖМҚМИ вилоят ҳудудий бўлинмаси катта мутахассиси Ҳикматилло Рахматуллаев, “Наманган ёшлар маркази”нинг “Психологик маслаҳат маркази” раҳбари Саидакбар Муталов, Марказнинг “Ёш журналистлар” тўгараги раҳбари Ҳожиакбар Паттаев ва коллежнинг 200 нафар ўқувчи ва устозлари иштирок этдилар.

Тадбир Марказ томонидан ёшларда шукроналик туйғусига чорловчи “Тичлик улуғ неъмат” номли видеоролик билан бошланди.

Давра суҳбатида бир неча йиллар давомида вилоятимиздаги маънавий-маърифий жараёнлардаги самарали фаолияти билан кенг жамоатчилик ўртасида алоҳида ҳурмат қозонган Т.Дедаханов сўз олиб, ёшларнинг маънавий савиясини янада ошириш, уларда она Ватанимизга бўлган садоқат, ота-онага бўлган ҳурмат туйғуларини кучайтириш, “оммавий маданият”нинг таҳдидларидан огоҳ этиш ва ундан муҳофазаланиш, ёшларнинг биринчи Перезидентимиз муҳтарам Ислом Каримов истаганларидек илғор ва фаол бўлиш орқали келажакда юксак марраларни эгаллаш ва юрт корига ярайдиган фарзанд бўлишлари хусусида фикр - мулоҳазалари ёшлар қалбида ижобий таассуротларни мухрланишида аҳамияти катта бўлди.

Шунингдек, ўз фаолиятининг тажрибали вакили “Йил имоми” Республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиби Н.Жамалов ҳам ўз маърузасида юқоридаги мавзу юзасидан атрофлича фикр билдириб, ота-боболаримизнинг панд-насиҳатлари ва ҳаётий мислоллар орқали ёшлар ўртасида яратилган чексиз имкониятлардан янада унумли фойдаланишга чорлаб, ўзининг фойдали ва ҳикматга бой тавсияларини бериб ўтди.

Айниқса, ёшларга тенгдош-тенгдош тамойили асосида сўз олган, “Мустақилликнинг 25 йиллиги” эсдалик нишони соҳиби, лойиҳа раҳбари ҳамда Истиқлол тенгдоши Ҳ.Паттаев томонидан, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини янада ошириш, турли зарарли иллатлар домидан ёшларни огоҳ этишга қаратилган қизиқарли интерфаол ўйин шаклидаги чиқишлари барчанинг олқишига сазовор бўлди.

Шу билан бирга лойиҳа координатори, юртимизда ёшларга яратилган чексиз имкониятлардан унумли фойдаланиб, кўплаб Республика танловларининг ғолибига айланиб улгурган С.Муталов томонидан ўтказилган психологик сўровномалар, “Ақлий ҳужум” тарзидаги ноанъанавий ёндашув ва қизғин бахс – мунозара тадбирдан кўзланган мақсадга етказди десак муболаға бўлмайди.