Мамлакатимизда жорий йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Бу жараёнга нафақат юртдошларимиз, балки нуфузли халқаро ташкилотлар ҳам катта қизиқиш билдирмоқда. Бинобарин, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Эҳтиёжларни баҳолаш миссиясининг (ЭБМ) мамлакатимизга ташрифи фикримизнинг ёрқин далилидир.

  ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида доимий асосда ишловчи аъзоси Темур Ширинов билан мазкур ташрифнинг мазмун-моҳияти хусусида суҳбатлашди.

– Энг аввало, Марказий сайлов комиссияси ҳамда ЕХҲТ ўртасидаги ҳамкорлик хусусида тўхталиб ўтсангиз?

– Таъкидлаш керакки, Марказий сайлов комиссияси кўплаб халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйган, – дейди Т.Ширинов. – Айни вақтда Марказий сайлов комиссияси ҳамда ЕХҲТ ўртасидаги алоқалар ҳам самарали ривожланиб бормоқда. ЕХҲТ Ўзбекистондаги лойиҳалари координаторининг Тошкентдаги офиси “Ўзбекистон Республикаси сайлов амалиётини такомиллаштиришга кўмаклашиш” қўшма лойиҳа доирасида мамлакатимизда сайлов амалиётини янада демократлаштиришнинг турли масалаларига бағишланган халқаро тадбирлар, анжуман ва семинарларни ташкил қилиш ва ўтказишда фаол иштирок этди. Уларнинг ишида ЕХҲТга аъзо мамлакатлар вакиллари, шу жумладан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси экспертлари иштирок этди.

Марказий сайлов комиссияси вакиллари Испания, Франция, Дания, Буюк Британия сайлов амалиёти билан яқиндан танишиш, шу жумладан, сайловчиларнинг ягона электрон реестрини яратиш бўйича хорижий тажрибани ўрганиш имконига эга бўлди.

Сўнгги беш йил давомида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори, Германиянинг Ф.Эберт ва К.Аденауэр жамғармалари сингари нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ўнга яқин халқаро анжуман ва давра суҳбатлари ўтказилди. Уларда Европа, Осиё, Америка ва МДҲ мамлакатлари, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳамда МДҲ Ижроқўми экспертлари иштирок этди.

Тажриба алмашиш, демократик сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича халқаро тажрибани ўрганиш мақсадида мамлакатимиз мутахассисларининг Франция, Испания, Польша, Дания, Буюк Британия, Корея Республикаси, Россия, Ҳиндистон каби давлатларга йигирмага яқин амалий ташрифлари уюштирилди.