Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 12 ноябрда қабул қилинган “Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тартибини, шунингдек уларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан божхона чегарасидан олиб ўтилиши, муомалага киритилиши тақиқланган ва чекланган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар рўйхатлари тасдиқланган.

Дори воситалари ва тиббий буюмларни жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун олиб кириш ҳамда олиб чиқиш тартиби тўғрисидаги Низомга (Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 8 июндаги 191-сон қарори билан тасдиқланган) кўра гиёҳвандлик воситаларини 7 суткалик эҳтиёждан ортиқ бўлмаган миқдорда олиб киришга яшаш ёки бўлиш мамлакатининг тиббиёт муассасаси томонидан берилган, даволаш курсининг тавсия этиладиган сони кўрсатилган ҳужжатлар мавжуд бўлганда рухсат берилади, дея ойдинлик киритилади Ўзбекистон Божхона қўмитаси сайтида эълон қилинган мақолада. 

Жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун психотроп моддаларни яшаш ёки бўлиш мамлакатининг тиббиёт муассасаси томонидан берилган ҳужжат тақдим этилмасдан турли номдаги 5 тагача даволаш препаратларини ва улардан ҳар бирининг иккитадан ортиқ бўлмаган ўрамини даволаш курси доирасида олиб кириш ва олиб чиқишда рухсат берилади.

Ўтказиш пунктларида божхона чегарасини кесиб ўтишда жисмоний шахслар уларда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар борлигини йўловчи божхона декларациясида қайд этишлари шарт, бунда гиёҳвандлик воситалари учун — божхона органига жисмоний шахснинг яшаш ёки бўлиш мамлакати тиббиёт муассасаси томонидан берилган, дори воситасининг номи, унинг дори шакли ва даволаш курсининг тавсия этиладиган сони кўрсатилган ҳужжат тақдим этилиши керак.

Афсуски, мазкур талабларга риоя қилмасдан туриб, таркибида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар бўлган дори воситаларини республикамиз ҳудудига олиб киришга уринишлар кўзга ташланмоқда. Республикамиз божхоначилар томонидан мазкур уринишларнинг олди олинмоқда.

Жумладан, Москвадан учиб келган қувалик Н.Зоҳидованинг (мақоладаги барча исм шарифлар ўзгартирилган) қўл юклари Андижон аэропортида божхоначилар томонидан кўздан кечирилганда, у божхона назоратидан яширин равишда 90 дона “Фенезепам” психотроп таблеткаларини олиб киришга урингани фош бўлди.

Сурхондарё вилояти “Сариосиё” чегара-божхона пости орқали қўшни давлатдан кириб келган пиёдалардан бири, хорижий давлат фуқароси П.Стефан республикамизга кириб келар экан, унга тегишли қўл юклари божхона назоратидан ўтказилганда, бу шахс “Феназепам”, “Диазепам” каби 4 турдаги 121 дона психотроп таблеткаларни ноқонуний равишда олиб киришга уринган экан.