Тошкентда Х Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси бошланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида мамлакатимизнинг барча тармоқлари ва етакчи корхоналари иштирок этмоқда. Қурилиш материаллари саноати, енгил саноат, автомобилсозлик, машинасозлик, озиқ-овқат, электротехника ва фармацевтика саноати шулар жумласидан. Иштирокчилар ўзлари ишлаб чиқараётган ёки ўзлаштирилиши режалаштирилаётган маҳсулотлар, саноат кооперацияси орқали маҳаллийлаштиришга таклиф қилинаётган маҳсулотлар турлари ҳамда истиқболли лойиҳалари билан қатнашмоқда. Барча вилоятлар ўзларида мавжуд бўлган, бироқ ҳали талаб даражасида фойдаланилмаётган иқтисодий, молиявий, меҳнат ресурсларини ва истиқболли лойиҳаларни таклиф этмоқда.

Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг очилишида  ушбу тадбирлар хўжалик юритувчи субъектларга ишлаб чиқаришни оптималлаштириш, ички тармоқ ва тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш, юртимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳақида маълумотлар бериш, ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар, хорижий компанияларга кўплаб янгиликлар тақдим этишга хизмат қилиши таъкидланди.

2007 йилдан буён ҳар йили ўтказилаётган мазкур тадбирлар Биринчи Президентимиз   Ислом Каримовнинг  2007 йил 12 ноябрдаги «Ички тармоқ ва тармоқлараро саноат кооперациясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони, 2013 йил 29 январдаги  «Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг рақобатдошлилигини янада ошириш ва товарларни республикага ноқонуний олиб киришга қарши курашни кучайтириш тўғрисида»ги қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 3 мартдаги «2016 йилда Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига биноан ташкил этилади.

Халқаро саноат ярмаркалари ва кооперация биржалари натижалари мамлакатимиз корхоналари ва хорижий шерикларнинг саноат кооперацияси, товарлар етказиб бериш ва харид қилиш борасида ҳамкорлик ўрнатиш ва ривожлантириш, янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш ва ишлаб чиқаришни ташкил этишга қизиқиши йил сайин ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Ўтган ўн йил давомида  мазкур тадбирлар ўз самарасини бергани боис маҳсулотлар тури 20 мингдан ошиб, иштирокчилар 7 баробар, шартномалар тузилиши 11 баробар ўсди. 2015 йилда  Германия, Буюк Британия, Чехия, Канада, Хитой, Корея, Япония, Ҳиндистон, Туркия каби 55 мамлакатдан бир минг уч юздан  ортиқ компания вакиллари иштирок этиб, 8,3 миллиард долларлик шартномалар имзоланган эди. Бу йил Ўзбекистондаги 2 минг 500 дан ортиқ корхона, компания, ташкилот ва кичик бизнес субъекти ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда. Хорижлик қатнашчилар сони эса 1 минг 300 нафардан ошди. Унда машинасозлик, автомобилсозлик, электротехника, қурилиш, металлургия, кимё, нефть-газ, озиқ-овқат ва енгил саноат, фармацевтика каби соҳаларга доир 24 минг турдан ортиқ тайёр маҳсулот, бутловчи буюм ва материаллар намойиш қилинмоқда. Маълумотларга кўра, 2015-2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш давлат дастури ҳамда 2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш чора-тадбирлари дастури импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш жараёнида муҳим аҳамият касб этмоқда.