Ўзбекистон | 15:30 / 15.11.2016
4214
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда Ўзбек-Корея ишбилармон доиралари иштирокида кооперация биржаси ташкил этилди

Фото: Chamber.uz

2016 йил 10 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Кореянинг автомобиллар учун бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарувчи компаниялари иштирокида кооперация биржаси ташкил этди. Мазкур тадбир икки давлат ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш ҳамда қўшма ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этишга чет эл инвестицияларини жалб этиш йўлида қўшимча рағбат вазифасини ўтади, деб хабар қилмоқда Савдо-саноат палатаси ахборот хизмати.

Тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад кореялик ишлаб чиқарувчилар ва ўзбек ҳамкорлари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида автомобиллар учун бутловчи деталлар ва эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқариш соҳасида янги қўшма корхоналарни ташкил этишга оид лойиҳаларни ишлаб чиқишдан иборат.

Кооперация биржаси доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва «KICOX» Корея индустриал комплекс корпорацияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битим имзоланган. Учрашув чоғида икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга оид масалалар муҳокама қилинган.

Қайд этиш керакки, 2015 йилда икки томонлама савдо ҳажми 1 млрд 716,6 млн АҚШ долларини, жумладан, экспорт – 158,1 млн АҚШ долларини, импорт эса – 1 млрд 558,5 млн АҚШ долларини ташкил этди.

Экспорт бўйича асосий позициялар: хизмат кўрсатиш (55,5%), пахта матоси (21,7%), қурилиш материаллари (9,5%), пахта линти массаси (3,6%), озиқ-овқат товарлари (2,6%), пластмасса ва ундан ишланган буюмлар (2,4%), кимёвий маҳсулотлар (1,9%) ва бошқалар.

Импорт бўйича: автотранспорт воситалари қисмлари (39,8%), механик ва электр ускуналар (21,4%), пластмасса ва ундан ишланган буюмлар (6,5%), қора металли буюмлар (4,2%), кимёвий маҳсулотлар (2,3%), резина буюмлар (1,5%) ва бошқалар.

Жорий йилнинг 6 ойи якунлари бўйича икки давлат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 508,3 млн АҚШ доллари, жумладан экспорт – 103,67 млн АҚШ доллари, импорт эса – 404,67 млн АҚШ долларини ташкил этгани қайд этилди.

Таъкидланишича, Корея Республикасидан Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётига жалб этилган тўғридан-тўғри инвестициялари ҳажми 7 млрд АҚШ долларидан ошган.

Ҳозирда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кореялик инвесторлар иштирокида ташкил этилган 449та корхона фаолият юритиб келмоқда (376та қўшма ва 73та корхона 100% Корея капиталига эга). Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳузурида 72та Корея компаниясининг ваколатхоналари аккредитациядан ўтказилган. Ушбу компаниялар фаолиятининг асосий йўналишлари нефтгаз ва кимё, қазиб чиқариш, машинасозлик, электр-техника, тўқимачилик каби қатор соҳаларни қамраб олади.
 

Мавзуга оид