Хитой ҳукумати 2025 йилга қадар ёввойи табиатдаги пандалар сонини 18 фоизга кўпайтиришга қарор қилди. Бу режага кўра, яна ўн йилдан кейин ёввойи табиатдаги пандалар сони 2 минг 200 тага етади. Айни дамда Хитой ёввойи табиатида 1 минг 864 та панда мавжуд. Яна 422 панда махсус марказларда боқилади. 

Ҳукумат 2025 йилгача Сичуань, Ганьсу ва Шэньси вилоятларида пандалар учун махсус ҳудудлар яратиш устида иш олиб бормоқда. Махсус марказлардаги пандалар ҳам кейинчалик ёввойи табиатга қўйиб юборилиши мумкин. Катта панда бамбук айиғи ҳам деб аталади. Унинг ватани Хитойнинг марказий ҳудудлари, дея тан олинган. Панда тунги ҳайвон бўлиб уни ер шарининг ҳамма жойида ҳам учратиб бўлмайди. Ватани Сичуань вилояти ва Тибет бўлган катта панда ҳайвонларнинг йўқолиб бораётган турига кирган бўлиб, Хитой давлати томонидан Қизил китобга киритилган ва муҳофазага олинган. Бундан ташқари, панда Хитой рамзи ва фахри ҳамдир. Шу сабабли ҳам Пекин дипломатиясида алоҳида ўрин тутади. Бу ҳайвонларни бошқа мамлакатларга юбориш анъанага айланиб қолган, айрим ҳолларда уни “панда дипломатияси” деб ҳам айтишади. Пандани овлаганларга Хитойда ўлим жазоси қўлланилади.

Қадимда ва ўтган асрнинг 70-йилларидан бошлаб, ҳамкорлик тўғрисидаги шартномаларга биноан, Хитой ўз ҳамкорлари бўлмиш давлатларга бу ноёб жониворни совға қилган. “Осмон ости мамлакати” ҳукмдорлари дипломатик учрашувлар вақтида бир-бирларига панда совға қилишган. Буюк Британияда нашр қилинадиган “Файнэншел-таймс” газетасита босилган мақоладаги “Катта пандани кузатинг: Айнан у Хитой ташқи сиёсатини белгилайди”, деган сўзлар бунинг исботидир.

Илк бор панда хизматидан Тан сулоласи (618—907) ҳукмдорлари фойдаланишган. Империя ҳукмдори бўлмиш малика У Цзэтянь иккита пандани Япония императорига совға қилган эди. Аммо бу панда-дипломатия амалиёти ўтган асрнинг 50-йиларга келиб йўлга қўйилди. 1957 йилдан 1983 йилга қадар Хитой 9 та мамлакатга жами 23 та панда совға қилди. Шунда ҳам Хитойга дўст бўлган мамлакатларгагина бериларди. Ғарб мамлакатлари, жумладан, Буюк Британия ва АҚШ оқ-қора рангли айиқни олишга умид қилмаса ҳам бўларди. 70-йилларда Хитой ғарб мамлакатлари билан алоқаларни яхшилаш мақсадида панда-дипломатиясидан фойдаланишга қарор қилди. 1972 йилда АҚШ президенти Ричард Никсон Хитойга ташриф буюради. Ташриф доирасида Пекин ҳайвонот боғига ҳам борди. Олий меҳмон шарафига берилган зиёфатда бош вазир Чжоу Эньлай Ричард Никсоннинг рафиқаси Пэт Никсонга “Панда” сигаретасини кўрсатар экан, шу каби совға олиш нияти бор ёки йўқлигини сўрайди. Аммо АҚШ биринчи хоними чекмаслигини айтади. Шунда бош вазир сигарет қутисида акс этган ҳайвонни совға қилиш ниятида эканини айтади. Шу тариқа Линг-Линг ва Син-Син лақабли пандалар Қўшма Штатлар бўйлаб сафарга чиқади. Пэт Никсон пандаларни Миллий ҳайвонот боғига топширишга қарор қилди. Шу тариқа пандалар Хитой-АҚШ муносабатларининг яхшиланишига хизмат қилди. 1972 йилда Хитой ва Япония ўртасидаги муносабатлар ҳам илиқлаша бошлади. Бунга Японияга совға қилинган иккита - Лань-Лань ва Кан-Кан лақабли пандаларнинг ҳам хизмати бор. 1973 йилда Хитой ҳукумати иккита - Янь-Янь ва Лили лақабли пандаларни Францияга совға қилди. Орадан бир йил ўтиб Цзя-Цзя ва Цзин-Цзин лақабли пандалар Буюк Брианияга совға қилинди.