Иқтисодиёт | 17:01 / 29.10.2016
13271
3 дақиқада ўқилади

2017 йилда Ўзбекистон ЯИМ 7,8 фоиз ўсиши кутилаяпти

Ўзбекистон ҳукумати 2017 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажми 7,8 фоизга ўсишини тахмин қилмоқда. 

2016 йил 28 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини, шунингдек, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини қабул қилдилар. Бу ҳақда, Uzdaily.uz сайти ёзмоқда.

Депутатлар келгуси йил учун шакллантирилган солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари, шунингдек, асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар бўлган ялпи ички маҳсулотнинг 7,8 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг 6,9 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг 6,2 фоизга, капитал қўйилмалар ҳажми 9,6 фоизга ўсиши кўзда тутилаётганлигини алоҳида қайд этдилар.

Келгуси йилда мамлакат иқтисодиётига солиқ юкини ялпи ички маҳсулотга нисбатан жорий йилдаги 20,2 фоиздан 18,9 фоизгача камайтириш кўзда тутилмоқда.

Энг муҳими, 2017 йилда иқтисодиётнинг устувор тармоқларини янада ривожлантиришни таъминлаш мақсадида келгуси йилда амал қилиш муддати тугаётган солиқ имтиёзларининг муддатини узайтириш таклиф этилмоқда. Бу эса тадбиркорлар тасарруфида келгуси йилнинг ўзида қарийб 500 миллиард сўмга яқин маблағ қолдириш имконини бериб, уларга ўз айланма маблағларини тўлдириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва технологик қайта жиҳозлашни амалга оширишлари учун қўшимча манба бўлиб хизмат қилади.

2017 йилги Давлат бюджети лойиҳасида маданият муассасаларини сақлаш ва спорт тадбирларини ўтказиш харажатларининг ҳажми жорий йилга нисбатан 16,7 фоизга оширилган.

Республиканинг тарихий-меъморий, ижтимоий-маданий ва туризм салоҳиятини эҳтиётлаб сақлашни таъминлаш, шунингдек, янада оммалаштириш ва тарғиб қилиш мақсадида мамлакатимиздаги маданий ва археология мероси объектларида консервациялаш ва реставрация қилиш ишларини ўтказиш бўйича дастурни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 25,8 миллиард сўм, яъни жорий йилга нисбатан 1,17 марта кўп маблағ ажратиш таклиф этилмоқда.

Давлат бюджетининг умумий харажатларида ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга ажратилган харажатлар 2000 йилда 42,5 фоиз бўлган бўлса, жорий йилда кутилаётган 59,5 фоиздан 2017 йилда 59,7 фоизга ошириш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, кам таъминланган ва моддий ёрдамга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашга ва болали оилаларга бериладиган нафақалар учун ажратилган харажатлар 2017 йилда қарийб 2,6 триллион сўмдан ортиқ миқдорда, яъни 2008 йилга нисбатан 4 баробар кўп маблағ ажратилади, дейилади хабарда. 

Мавзуга оид