Жаҳон | 16:24 / 07.11.2016
6549
2 дақиқада ўқилади

Ироқ армияси Мўсул учун жанглар давомида 2 мингдан ортиқ жангарини йўқ қилди

Фото: AFP

Ироқ армияси Мўсул шаҳрини озод этиш учун олиб борилаётган ҳарбий ҳаракатлар давомида ИШИДнинг 2 мингдан ортиқ жангарисини йўқ қилди. Бу ҳақда Найнава вилоятини озод этиш амалиётига раҳбарлик қилаётган бригада генерали Нажм ал-Жабури маълум қилган.

"Дастлабки маълумотларга кўра, Мўсулдаги ҳарбий амалиётлар давомида ИШИДнинг 2 минг нафардан ортиқ жангариси йўқ қилинган. Улар орасида гуруҳлар қўмондонлари ҳам бор", деган генерал "Ас-Сумария" телеканали орқали.

Айни вақтда ироқлик ҳарбийлар Мўсул шаҳри ғарбий чегараларидан 6 км масофада турибди.

Генералнинг қайд этишича, коалиция самолётлари жангариларнинг муҳим инфратузилмаларини, ўқ-дори ва ҳарбий техникалар сақланадиган омборларини йўқ қилиб, ироқлик ҳарбийларга муҳим ёрдамларни кўрсатмоқда.

Мўсулни озод этиш учун амалиёт 17 октябрь куни бошланганди. Унда Ироқ армияси, хавфсизлик хизматлари, курд бўлинмалари ва шианинг ҳарбийлашган гуруҳларини ўзида жамлаган 100 минг кишилик қўшин иштирок этмоқда. Уларнинг коалиция самолётлари ҳаводан туриб қўллаб-қувватламоқда.

Мавзуга оид