Ўзбекистон | 18:52 / 09.11.2016
9023
3 дақиқада ўқилади

Навоий эркин иқтисодий зонасида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга имтиёзлар бериш илгари сурилди

9 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод Сарвар Отамуратовнинг Навоий вилоятида сайловчилар ва кенг жамоатчилик билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзМТДП Навоий вилоят кенгаши
Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Учрашувда номзоднинг ишончли вакили Анора Бобомуродова иштирокчиларни Сарвар Отамуратовнинг таржимаи ҳоли билан  таништирди.  

Шундан сўнг Президентликка номзод Сарвар Отамуратов сўзга чиқиб, сайловолди Дастурида белгиланган устувор вазифалар юзасидан нутқ сўзлади.

Номзод миллий тикланишдан миллий юксалиш сари эзгу ғояси асосида иқтисодиёт, ижтимоий, сиёсий, маънавий-маърифий, суд-ҳуқуқ, ахборот, спорт ва ташқи сиёсат соҳаларида бир қатор вазифалар белгиланганини таъкидлаб ўтди.

Учрашувда номзод таъкидлаганидек, сайловолди Дастурда иқтисодиёт соҳасида халқнинг миллий тикланиши – иқтисодий ислоҳотларнинг негизидир тамойили асос қилиб олинган. Маълумки, Навоий вилояти республикамизнинг бошқа ҳудудларига нисбатан ўзининг истиқболли ишлаб чиқариш, гигант саноат корхоналари фаолияти билан алоҳида нуфузга эга.

Навоий эркин иқтисодий зонасида бугунги кунда яратилган қулай инвестицион муҳит натижасида Корея, Буюк Британия, Италия, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон, Сингапур, Россия давлатлари билан ҳамкорликда  24 та лойиҳа муваффақиятли фаолият юритмоқда. Шу кунгача киритилган инвестицияларнинг ҳажми 124,2 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, унинг 34,2 млн доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобланади. Мавжуд корхоналарда 100 турдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилиб, узлуксиз экспорт йўлга қўйилган.

Номзод қайд этиб ўтганидек, бугун дунё бозорида рақобатбардош ҳамда трансмиллий компаниялар  иқтисодиёт тимсолига айланмоқда. Шундан келиб чиқиб, Навоий эркин иқтисодий зонасида транспорт-логистика тармоғи имкониятларидан фойдаланишни кенгайтириш лозим. “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” белгиси остида жаҳон бозорига маҳсулот етказиб беришга қаратилган тизимли чора-тадбирларни давом эттириш, импорт ўрнини босадиган маҳаллий хом-ашё асосида маҳсулот ишлаб чиқарувчиларни самарали қўллаб-қувватлаш, жумладан, улар учун солиқ миқдорини камайтириш, божхона имтиёз ва преференциялари, имтиёзли субсидиялар ва бошқа шакллардаги давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини жорий этиш устувор вазифалардан биридир.

Учрашувда номзод сайловолди Дастурнинг бошқа соҳалари хусусида ҳам атрофлича тўхталиб ўтди. Сарвар Отамуратов илгари сураётган вазифалар сайловчиларда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, Навоий вилоятида маданий мерос объектларини тўлиқ хатловдан ўтказиб, ҳисобга олиш ишларини такомиллаштириш, музейлар, архивлар, кутубхоналарда ва бошқа жойларда сақланаётган, маданий мерос объекти белгиларига эга бўлган экспонатлар, коллекциялар ва архив ҳужжатларини тўлиқ тоифалаштириш ва бу борадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш масалаларига эътибор қаратилгани сайловчилар томонидан эътироф этилди.

Тадбир сўнгида Сарвар Отамуратов иштирокчилар томонидан унинг таржимаи ҳоли ва сайловолди Дастури юзасидан берилган бир қатор саволларга жавоб берди.

 

Мавзуга оид