«Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи тўғрисида»ги қонун 1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикаси олий кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган VII сессиясида қабул қилинган.

Байроғимиз, ғурур ва фахримиз тимсолидир. Ватанимизнинг беқиёс рамзидир. Қуёш кўкда фалакнинг байроғи бўлиб порлаб турибди, кўнгилда муҳаббат байроғи ҳилпирайди, онгимизни эса тафаккур байроғи нурлантиради. 

Озод ва обод Ватанимиз — Ўзбекистоннинг байроғи ҳам бизни улуғ мақсадлар томон бошловчи буюк машъаладир.

Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли ҳисобланади. 

Давлат байроғи ва унинг рамзи бугунги Ўзбекистон ҳудудида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради.

Ер юзида икки юздан ортиқ давлат бор ва албатта, ҳар бир давлатнинг ўз рамзлари, байроғи бор. Ҳар бир байроқ айрича ранг ва тимсолларга эга. Улар билан ёнма-ён балқиб турган байроғимиз ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва кам бўлмаслигимизни кўрсатиб туради. 

Шуни айтишимиз лозимки, байроқ қадим-қадимдан ҳар бир халқ учун мустақиллик, ҳурлик, тинчлик ва барқарорлик тимсоли бўлиб келган. Аждодларимиз ҳам юрт байроғини муқаддас билиб, уни кўз қорачиғидек асраганлар. 

Давлатчилигимиз тарихининг қайси даврини олиб қарамайлик, байроқ аждодларимиз учун озодлик, куч-қудрат, жасорат, ғалаба тимсоли бўлган.
Миллат байроғи. У жондек азиз, нондек мўътабар. 

Буюк соҳибқирон Амир Темур ғолиблик байроғини юксак кўтарди. Бу байроқ остида буюк эл бирлашди, у барпо этган улуғ салтанатни дунё тан олди. Бу давр ватан тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилди. Байроқ эса том маънода мамлакат рамзи, улуғворлик тимсолига айланди. Жангчиларга жанговар руҳ бағишлаш, уларнинг кайфиятини кўтариш, иродасини чиниқтириш мақсадида жанг майдонлари узра баланд ҳилпираб турди. Бу байроқ энг ишончли баҳодирлар томонидан қўриқланди. Бехос дайди ўқ келиб туғ кўтарган жангчига тегса-да, у тупроққа қоришмади — дарҳол шаҳид сарбоз ўрнини бошқаси эгаллайди, мақсад жанггоҳдагиларга байроқ кўринмай қолмасин.

Соҳибқирон бобомиз замонида байроқни паст тутиш ёки сарбознинг қўлидан тушиб кетиши хосиятсиз саналган. Бунга соҳибқирон алоҳида эътибор берган. Байроқнинг пасайтирилиши мағлубият ва ортга чекиниш ишораси бўлган. Шунингдек, «Темур тузуклари»да таъкидланишича, душман устидан шижоат ва мардлик кўрсатиб, ғалаба қозонган амирлар ва сипоҳийларга давлат тимсоллари — туғ ва ноғора инъом қилинган. Бу соҳибқирон давлатида салтанат рамзлари нечоғлик баланд мақом тутгани ва улар қандай катта ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий аҳамият касб этганидан далолат беради...