2016 йил 21 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод Сарвар Отамуратовнинг Тошкент шаҳар сайловчилари билан бўлган учрашуви фикр-мулоҳазаларга бой тарзда ўтди. ЎзМТДП Тошкент шаҳар кенгаши Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Туркистон саройида ўтказилган учрашувда шаҳарнинг барча туманларидан сайловчилар иштирок этди. Учрашувда Президентликка номзоднинг ишончли вакили Феруза Муҳитдинова йиғилганларга Сарвар Отамуратовнинг таржимаи ҳоли ва фаолияти ҳақида атрофлича маълумот берди.

Президентликка номзод учрашувда дастлаб истиқлол йилларида пойтахтимиз — Тошкент йирик мегаполисга айланганлиги, улкан бунёдкорлик ишлари туфайли у гўзал қиёфа касб этаётгани, муҳташам бинолар, равон ва кенг кўчалар, кўприклар, обод маҳаллалар, жозибали фавворалар, улкан савдо иншоотлари пойтахтимиз чиройига янада чирой қўшаётгани ҳақида сўз юритди. Сўнг ўз сайловолди Дастурининг асосий йўналишлари ҳақида маъруза қилди.

Хусусан, номзод Дастурда миллий ўзликни англаш, миллий қадриятларни ҳимоя қилиш, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини ошириш, миллий ахборот маконини шакллантириш, ҳам маънан, ҳам жисмонан баркамол авлодни тарбиялаш ҳамда ташқи сиёсатда миллий манфаатларни ҳимоялаш ва мақсадли илгари суриш каби долзарб вазифалар белгиланганини таъкидлади.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод Сарвар Отамуратов мамлакатимизда маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида келажагимиз эгаларини миллий маънавият ва қадриятлар руҳида тарбиялаш, давлат тилини янада такомиллаштириш, маънавий-маърифий марказларни ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини ривожлантириш, оилавий қадриятларни ардоқлаш ва оилаларни мустаҳкамлаш лозимлигига алоҳида урғу берди.

Ўзбекистонда умумжаҳон аҳамиятига молик бўлган жуда кўплаб тарихий-маданий ва архитектура ёдгорликлари мавжуд. Музейлар, архивлар ва кутубхоналарда қимматли қўлёзмалар, экспонатлар, коллекциялар ва архив ҳужжатлари сақланмоқда. Бундай улкан тарихий меросни асраб-авайлаш ва ҳисобга олиш бўйича муайян ишлар қилинган бўлса-да, ўрганишлар шуни кўрсатдики, ҳали бир қатор маданий мерос объектларимиз ҳисобга олинмаган, экспонатлар, коллекциялар ва архив ҳужжатлари тўлиқ тоифалаштирилмаган.

Ана шулардан келиб чиқиб, номзод маданий мерос объектларини тўлиқ хатловдан ўтказиб, ҳисобга олиш ишларини такомиллаштириш талаб этилади, музейлар, архивлар, кутубхоналарда ва бошқа жойларда сақланаётган, маданий мерос объекти белгиларига эга бўлган экс¬понатлар, коллекциялар ва архив ҳужжатларини тўлиқ тоифалаштириш, бу борадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади.