Мамлакатимиз сайловчиларининг ярмидан зиёди хотин-қизлардир. Шунинг учун уларнинг сайлов жараёнида фаол иштирок этиши ва овоз бериши Ватан келажагини, истиқболдаги ривожланиш йўлини белгилашда муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги кунда уларнинг сайловчи сифатидаги ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасида қизғин иш олиб борилмоқда.
Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган аҳолининг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтиришга доир тадбирлар дастури асосида сайловчи опа-сингилларимизнинг электорал фаоллигини оширишга Ўзбекистондаги сиёсий партияларнинг “Аёллар қаноти” ҳам фаол киришган.
– Партиямиз аъзоларининг 92 минг нафардан зиёди, яъни 47,7 фоизи хотин-қизлардир, – дейди Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши раисининг хотин-қизлар ва ёшлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалалари бўйича ўринбосари Ф. Муҳаммеджонова. – Сафимиз янада кенгайиши йўлида фаол иш олиб бораяпмиз. Чунки бу бизга опа-сингилларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини сиёсий даражада илгари суришга ёрдам беради.
Биз аёлларнинг сайловда иштирокини, партияларга бўлган муносабатини доимий ўрганиб борамиз, уларнинг сиёсий ҳуқуқлари таъминланиши ҳолатини таҳлил қиламиз. Шу асосда тегишли чора-тадбирлар дастурини белгилаб олаяпмиз. Президент сайлови арафасида аёлларнинг ҳуқуқий маданияти ва сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган “Хотин-қизлар ва сиёсат”, “Хотин-қизлар фаоллигини оширишда сиёсий партияларнинг роли”, “Хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ва уларда етакчилик қобилиятларини шакллантиришнинг долзарб вазифалари”, “Миллий тикланиш ғояларини тарғибот ва ташвиқот қилишда аёлларнинг ўрни” мавзуларида семинар-тренинглар ўтказаяпмиз. Ушбу тадбирлар натижасида опа-сингилларимиз ўз ҳуқуқлари билан янада чуқурроқ танишиш билан бир қаторда, Президент сайловида овоз беришнинг аҳамиятини теран англаб етишмоқда.
– Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор ишбилармон хотин-қизларимиз учун кенг имкониятлар эшигини очмоқда, – дейди Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари М. Акрамова. – Тадбиркор аёлларимиз ҳудудлар иқтисодиётига катта ҳисса қўшмоқда. Улар нафақат иқтисодий, айни пайтда сиёсий фаол бўлиб бораяпти. Шу боис партиямиз электорати орасида опа-сингилларимиз сони тобора ўсмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси эълон қилиниши биланоқ биз сайловчи хотин-қизларнинг электорал фаоллигини янада ошириш тадбирлар режасини ишлаб чиқдик. Шу кунларда мамлакатимизнинг олис қишлоқ туманларида аёлларимиз билан учрашар эканмиз, уларнинг жамият ҳаётидаги мақомини изчил юксалтириш, сайлов қонунчилиги борасидаги билимларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратаяпмиз, уларнинг овоз беришда фаол қатнашишининг аҳамияти ҳақида суҳбатлашмоқдамиз. Хотин-қизларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, бизнес ғоя ва ташаббусларини амалга оширишга кўмаклашиш устувор вазифа бўлиб қолмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар аёлларимиз ижтимоий-иқтисодий ва маиший турмуш шароитларини янада яхшилаш ҳамда уларнинг сиёсий фаоллигини юксалтиришга хизмат қилади. Бинобарин, ҳозирги кунда айнан ишбилармон, фаол опа-сингилларимиз мамлакатимизда кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг бевосита иштирокчилари ҳисобланишади.










