Ўзбекистон | 15:28 / 25.11.2016
19149
3 дақиқада ўқилади

Ягона портал орқали мурожаатларни “ЭРИ”сиз йўллаш мумкин

Скриншот: PM.gov.uz

Ўзбекистонда мамлакат фуқароларига Ягона портал орқали ўз мурожаатларини элекрон рақамли имзо (ЭРИ)сиз юбориш учун имконият яратилди. Ўзбекистон Бош вазирининг Виртуал қабулхонаси орқали фуқароларнинг Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан давлат ва хўжалик, маҳаллий давлат бошқаруви органларига мурожаат юборишда электрон рақамли имзо (ЭРИ)нинг мавжуд бўлиши шартлигини бекор қилиш тўғрисидаги илтимослари инобатга олиниб, шунингдек, Ягона портал фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини Ягона портал орқали ЭРИсиз қабул қилиш бўйича қарор қабул қилинди деб хабар қилмоқда Ягона портал матбуот хизмати. 

Натижада, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ягона портал орқали исталган давлат идорасига “ЭРИ”сиз тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имконига эга бўлдилар. Мазкур қулайлик мурожаатларни узатиш ва кўриб чиқиш тартибининг соддалашишига ҳам хизмат қилади. 

Шуни таъкидлаш лозимки, Ягона портал воситасида фуқаролар электрон рақамли имзога эга бўлмасдан туриб ҳам давлат ташкилотлари раҳбарларининг қабулига онлайн ёзилишлари мумкин эди. 

Фуқароларга Ягона портал билан ишлашни енгиллаштириш ва унга кириш имкониятини кенгайтириш учун порталда фойдаланувчи бир неча қулай усулларда рўйхатдан ўта олади. Жумладан, фойдаланувчи порталнинг ўзидаги тизим орқали, www.id.uz ҳамда Uzcard тизимлари орқали порталга кириши мумкин. 

Ўзбекистон фуқаролари муайян муаммо-масала юзасидан мурожаат юборишда www.pm.gov.uz ва www.my.gov.uz каби асосий электрон воситалар билан бирга, вазирлик ва идораларнинг расмий веб-сайтлари қошида фаолияти ташкил этилаётган давлат органлари раҳбарларининг шахсий виртуал қабулхоналаридан ҳам фойдаланишлари мумкин. Мазкур усулда йўлланган мурожаатларнинг кўриб чиқилиши ҳам муддат, ҳам сифат жиҳатидан юқоридагиларники билан бир хил бўлиши белгиланган. 

Давлат раҳбарияти, вазирлик, идоралар раҳбарларига бевосита мурожаат қилишнинг воситаларини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган мазкур тадбирлар Ўзбекистоннинг барча фуқаролари учун ҳукуматнинг янада очиқ ва қулай бўлишига замин яратади.
 

Мавзуга оид