Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм!
«Оламларнинг Робби – Аллоҳ покдир!»
Намл сураси, 8-оят
Ўзи пок, Сўзи пок, дини пок Роббимиз Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар бўлсин!
Пок диннинг пок Пайғамбари ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга покиза дуруду салавотлар бўлсин!
Биз ғоятда бахтли инсонлармиз. Зеро, бизни Аллоҳ таоло Ўзига банда бўлишга лойиқ кўрди, Ўзининг сўнгги ва мукаммал каломи нозил қилинган сўнгги Пайғамбарига уммат қилди, мусулмон диёрда, мусулмон оилада мусулмон қилиб дунёга келтирди. Дунёга келиб, ақлимизни танигач, оқ-қорани ажратадиган бўлгачгина бу неъматларнинг нақадар улуғлигини, шукрини адо қилиб бўлмас даражада бениҳоялигини англаб етдик. Бу дунёда ширк, куфр, нифоқ, ҳасад, ёлғон, хиёнат каби улкан гуноҳлар борлигини, бидъат-хурофот, шубҳа-гумон, ирим-сирим каби маъсиятлар, жаҳолатлар борлигини кўргачгина, Аллоҳ таоло бизни ҳали дунёга келмасимиздан бу каби иллатлардан поклаб қўйганини тушундик. Ана поклик туфайли ўзимизни дунёдаги энг бахтли инсонлармиз деб баралла айта оламиз. Хўш, поклик нима ўзи? Келинг, бугун ана шу гўзал тушунча ҳақида суҳбат қилайлик.
Поклик, тозалик деган сўзларнинг луғавий маъноси барчамизга маълум. Улар ҳеч қандай кир, зарар ва шу каби салбий таъсирлар аралашмаган ҳолат ёки нарсани англатади. Тоза сув деганда ранги, ҳиди, таъми ўзгармаган сув тушунилса, покиза либос деганда тоза ювилган, доғ тегмаган кийим тушунилади ва ҳоказо. Буларнинг барчаси моддий тозаликдир. Аммо маънавий поклик ҳам борки, бу поклик инсоннинг ички дунёсида, қалбида, руҳида бўлади. Инсоннинг асли, жавҳари, унинг жисмини, ҳатти-ҳаракатларини бошқариб турувчи масдар эса руҳдир. Демак, унинг моддий поклиги ҳам маънавий покликдан келиб чиқади. Шунинг учун поклик деганда фақат моддий ёки фақат маънавий покликни кескин ажратиб бўлмайди.
Ҳақиқий поклик, ҳам моддий, ҳам маънавий покликнинг қандай бўлишини эса бизга муқаддас Ислом динимиз ўргатади. Зеро, Исломнинг ўзи поклик асосида бунёд бўлгандир. Шунинг учун биз покликни бу диннинг икки масдари – пок Парвардигоримизнинг Каломи ҳамда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан ўрганамиз.
Ислом дини инсондан ҳам маънавий, ҳам моддий покликни талаб қилувчи илоҳий таълимотдир. Масалан, бир буюмга, махлуққа эмас, ўзига ўхшаган бир гуноҳкор бандага эмас, балки ўзини ҳам, бутун борлиқни ҳам яратган Роббига ибодат қилиш маънавий поклик бўлса, бу ибодатни нажосат теккан аҳволда, нопок кийимда, ифлос жойда эмас, покиза жисм билан, топ-тоза либос билан, покиза жойда адо этиш моддий покликдир.
Худди шунингдек, ҳалол йўл билан топилган пулга ҳалол луқма ейиш, жисмоний эҳтиёжларни ҳалол йўл билан қондириш, бир одамга ғараз ёки бошқа нопок мақсадлар билан эмас, холис, пок ният билан яхшилик қилиш, хайр-эҳсон қилиш, бу ибодатларни миннат, риё каби иллатлардан пок сақлаш ҳам покликдир.















