Келинни кимдир қиз ўрнида, кимдир келин ўрнида, яна кимдир эса аёл ўрнида кўришини биласизми?
Гап ўз зурриёдининг аёлига суқланиб қарайдиган маънавий тубан қайноталар ҳақида кетмоқда. Шундай инсонлар ҳам борми, дея ёқа ушлаётган бўлсангиз керак? Афсуски, жамиятимиз бундай инсонлардан холи эмас...
Жамиятимизда шундай инсонлар борки, уларни ер қандай кўтариб юрибди экан, деб ўйлаб қоласан киши. Бундай разил инсонларнинг сони оз бўлса-да, жамиятнинг қусурларидан ҳисобланади.
Нима учун оилалардан барака кўтарилиб кетмоқда, нима учун дуолар қабул бўлмаяпти? Чунки оиланинг ҳар бир аъзоси ўз вазифаси ва бурчини унутиб қўйган. Ота оиланинг устуни бўлади. Унинг сўзи сўз, қарори қарор бўлиши керак. Ҳозирда эса кўпчилик эркаклар оилани қандай қилиб мустаҳкамлаш ҳақида бош қотирмасдан, рўзғордаги майда-чуйдаларга аралашиб, ҳатто келинни қозонигача аралашадиган бўлиб қолишган. Оиланинг тизгини эса қайноналар қўлида. Бировнинг боласига келиним ё қизим деб эмас, чўри сифатида қараш, хаддан ташқари ўғлини аяш ёки қизғаниш каби иллатлар баъзи оналаримизга хос бўлиб қолмоқда.
Йигит ҳам уйланганидан кейин, келинга Яратганнинг менга берган омонати деб эмас, хонадонига дастёр деб қарайди. Баъзи келинлар эса қайнбўйинлар билан масофани қаттиқ ушлаш кераклигини унутиб қўйишади. Айниқса, қайнота билан.
Туркманистоннинг “Келин” деган фильми бўлар эди. Унда янги тушган келин қайнбўйинлар билан фақат кичик болалар орқали гаплашади. Бу одат ҳозирда ҳам Хоразмнинг баъзи туманларида сақланиб қолган. Айнан мана шу жойларда оилавий ажримларнинг сони кам.
Илгари қайнота ҳовлида юрса, келинлар ташқарига чиқишга истиҳола қилишган. Ҳозирда эса келин билан қайнбўйинлар орасидаги масофага қўшилиб ҳаё пардаси ҳам кўтарилгандек.
Келин туғруқхонада ётса, қайнонага қўшилиб қайноталар ҳам туғруқхонага борадиган бўлишган. Бу ҳам майли, келин ётган жойга, туғруқ залига қайноталарнинг, оталарнинг кириб бориши умуман мантиққа тўғри келмайди.
Бир хонадондаги манзарани айтиб беришди. Қўшни чиқиб қараса, ҳовлидаги сўрида келин бир томонда, қайнота иккинчи томонда ёнбошлаганларича телевизор томоша қилишаётган экан. Келиннинг қайнота ҳузурида ёнбошлаб ётиши одобсизлик ва беҳаёликдир. Қайнотанинг индамаслиги эса унинг фаросатсизлигидир.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аёллар олдига киришдан сақланинг!” дедилар. Шунда ансорий бир киши: “Қайни ҳақида нима дейсиз?” деб сўради. Унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайни ўлимдир”, деб жавоб қилдилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).
















