
Истиқлол ғояларини изчил, оғишмай давом эттириш ва мустаҳкамлашни ўзининг энг муҳим бурчи, деб билган БИЗНИНГ НОМЗОД ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ўз Сайловолди дастурида миллатлар-аро дўстлик ва фуқаролараро тотувликни сақлаш, ташқи сиёсатда ўзини оқлаган принциплар ва ёндашувларга тўлиқ амал қилиш, юртимиз хавфсизлигини, тинчлигини ва барқарорлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлаган. Зеро, тинчлик ва осойишталик қарор топмаган жойда халқ фаровонлигини таъминлаб бўлмаганидек, қонун устуворлигига эришмай туриб ривожланган ва барқарор жамият барпо этиб бўлмаслиги тайин.
Сайловолди дастурида белгиланганидек, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг асосий вазифаси суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга сўзсиз риоя этишни, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоясини, одил судловнинг мустаҳкам кафолатини, одил судловни амалга ошириш -фаолиятига аралашганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашдан иборат.
Таъкидлаш жоизки, ушбу чоралар инсон ва унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари олий қадриятга айланган демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг энг муҳим омили бўлган суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш борасида мамлакатимизда истиқлолнинг илк йилларидан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Мазкур ислоҳотлар замирида пировардида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш, уларнинг шахсий дахлсизлик ва одил судловга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш, ҳокимият тармоқлари ўртасида мутаносиблик ва барқарор мувозанатга эришиш, жиноий ва маъмурий жазо тизимини изчил эркинлаштириш мақсади мужассамдир.
Партиямиздан кўрсатилган номзод суд-ҳуқуқ соҳасида ҳали-ҳануз кузатилаётган долзарб муаммоларни кўтариб чиқди. Жумладан, судда ишларни кўриб чиқишда йўл қўйилаётган сансалорлик ҳолатлари аниқ кўрсатиб ўтилди. Кейинги йилларда судлар томонидан бирорта ҳам оқлов ҳукми чиқарилмаганини, бундан ташқари, қабул қилинаётган қарорларнинг қонунийлиги, асослангани ва адолатлилигини таъминлаш соҳасида маълум камчиликлар мавжудлигини қайд этди. Табиийки, бу муаммолар фуқароларнинг ҳақли равишда норозилигини келтириб чиқармоқда. Жорий йилнинг 9 ойида Бош прокуратурага, Олий суд ва Адлия вазирлигига келиб тушган мурожаатларнинг қарийб 30 фоизи бевосита тергов-суд фаолияти ва суд қарорлари ижроси соҳасидаги масалалар билан боғлиқлиги ҳам бунинг яққол далилидир.
Шу муносабат билан Шавкат Мирзиёев томонидан юқорида кўрсатилган муаммоларни ҳал қилишнинг аниқ усуллари, соҳани янада ислоҳ этиш, фуқаролар ҳуқуқларининг ишонч¬ли ҳимоясини кучайтириш ҳамда одил судловни таъминлашнинг пухта ўйланган стратегияси таклиф этилди. Сайловолди дастурида судьяларнинг ваколат муддатларини узайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз даврга та¬йинлаш таклиф этилмоқда. Бу қадам халқаро стандартларга тўлиқ мос келади ҳамда ривожланган демократик давлатларнинг илғор тажрибасига асосланган. Чунончи, АҚШ, Германия, Буюк Британия, Япония каби тараққий этган мамлакатлар амалиётини ўрганиш шуни кўрсатдики, судьяларнинг чинакам мустақиллигига эришиш учун уларни моддий қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш билан бирга, одил судлов фаолияти билан узоқ ва барқарор шуғулланиши учун имконият яратиш лозим.










