Хоҳлаган бандасига қиз фарзанд берган ва ҳоҳлаган бандасига ўғил инъом этган ёки уларни ўғил ва қиз қилиб аралаштириб берган ва ҳоҳлаган бандасини бепушт қилиб яратган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!
Бизнинг Саййидимиз «Болаларингизга одоб беринг ва одобини чиройли қилинг» деб насиҳат қилган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга, у кишининг оила аъзоларига ва эргашишлик ва ҳидоят топишлик юлдузлари бўлган асҳоби киромларга дуруду саловотлар бўлсин.
Фарзанд – Аллоҳнинг санаб адоғига етиб бўлмайдиган неъматлари ичидаги бир неъматдир. У дунё ҳаётининг зийнатидир.
Фарзанд қалб райҳонаси, гулидир. Ёшлик чоғларида уларни эркалаб кўнглимиз ҳузур қилади. Катта бўлганларида ёрдамларидан баҳраманд бўламиз. Вафот қилганимиздан кейин эса уларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли номаи аъмолимиздаги савобларимиз зиёда бўлади.
Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида фарзандлар дунё ҳаётининг, оила турмушининг зийнати эканини таъкидлаш билан бирга болалар сабабидан ота-оналарга юкланадиган бурч ва масъулиятларни ҳам эслатади:
«Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз...». (Таҳрим сураси, 6-оят)
Ота фарзандларига ўзининг отасига яхшилик қилиш билан ўрнак бўлмоғи, уларни ўз жонидан ҳам азиз кўрмоғи лозим. Шундагина фарзанд отасининг тутган йўлидан юради, ундан таъсирланади, шу ҳолатда униб-ўсади.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барча мавжудотлари каби инсонни ҳам жуфт қилиб яратган. Шунинг учун ҳам одамзод илк Пайғамбар Одам алайҳиссалом ва унинг жуфти ҳалоли Момо Ҳавводан бошлаб Аллоҳнинг амри ила жуфт-жуфт бўлиб яшайдилар, наслининг давом этиши ҳақида бош қотирадилар. Кейинчалик оила деган азиз бир қаср пайдо бўлдики, у одамларнинг фароғат ва хотиржамлик, садоқат ва фаровонлик маконига айланди.
Оила – ҳар бир жамиятнинг бошланғич ҳужайраси ҳисобланади. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам ва фаровон бўлади. Аксинча, оилаларда парокандалик, нотинчлик бўлса, ҳалол ва ҳаромнинг фарқи қолмаса, ўша жамият бузилади, тинчи йўқолади, оқибатда таназзулга юз тутади.
Шу боисдан энг мукаммал дин бўлмиш Ислом оиланинг поклиги, камолоти, осойишталигига ҳамиша катта эътибор билан қараб келади. Оиланинг бош ҳужжати саналмиш никоҳни инсон муносабатлари ичида энг муқаддас алоқа, деб ҳисоблайди. Никоҳсиз асло оила бўла олмаслигини қайта-қайта таъкидлайди.












