
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида бугунги кунда ўз ечимини кутиб турган ижтимоий масалаларни ҳал қилиш долзарб вазифалардан бири экани таъкидланади. Бу борада номзод “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” деган ҳаётий тамойилга устувор аҳамият қаратади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг қарийб ярми, яъни 16 миллион одам қишлоқ жойларда истиқомат қилади. Ҳар йили қишлоқларда 160 мингдан ортиқ ёш оила барпо бўлади. Табиийки, уларнинг аксарияти уй-жойга эҳтиёж сезади.
Кўплаб ривожланган мамлакатларда фуқароларнинг аксарияти ўз уйига эга бўлмай, ижарада туришни маъқул кўрса, мамлакатимиз аҳолиси, асосан, ўз уй-жойига эга бўлиш, унда оиласи билан бахтли ҳаёт кечириш, фарзандларини замонавий андозалар асосида барпо этилган, барча шарт-шароитга эга уйда тарбия қилишга интилади. Одамларимиз ўз уйига эга бўлишни фаровон ва барқарор турмушнинг муҳим омили, деб билади.
Мазкур масаланинг долзарблигини ҳисобга олган ҳолда, кейинги йилларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойлар қуриш, қишлоқда муҳандислик, коммуникациялар, ижтимоий ва бозор инфратузилмасини яратиш борасида кенг миқёсли ишлар олиб борилди. Тегишли дастур амалиётга йўналтирилганидан буён қишлоқ жойларда 69 минг 557 та турар жой бунёд этилиб, ўтган етти йил давомида бу мақсадларга мамлакатимиз тижорат банклари томонидан 4,3 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Шу билан бир қаторда, ушбу эзгу ишларга халқаро молиявий институтларнинг кредит линиялари жалб этилди. Юқорида келтирилган рақамлар ортида ўз уйига эга бўлган бахтли ота-оналар ва фарзандлар, уй-жой ша¬роитларини яхшилаб олган ўн минглаб оилалар турганини англаш қийин эмас.
Айни пайтда ушбу соҳани ўрганиш аҳолининг реал эҳтиёжлари ва харид қобилиятини, шунингдек, миллий менталитетни ва қишлоқ жойларда яшаш шароитларининг хусусиятларини тўлиқ ҳисобга олиб қурилиш самарадорлигини оширишга йўналтирилган принципиал жиҳатдан янги ёндашувларни ишлаб чиқиш зарурлигини кўрсатди. Қишлоқ аҳолисининг замонавий ва арзон уй-жойга эҳтиёжи тобора ортиб бораётгани уй-жой қурилиши учун имтиёзли кредитлар беришнинг янада қулай шартларини жорий этиш, энергияни тежайдиган материаллар ва асбоб-ускуналарнинг янги турларидан фойдаланишни кенгайтириш, шунингдек, уйларнинг таннархини пасайтиришни тақозо этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президент¬лигига номзод Шавкат Мирзиёев ўз Сайловолди дастурида беш йилга мўлжалланган, тўрт хил янги намунадаги, қулай ва арзон уй-жойларни барпо этишга қаратилган Қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурини амалга оширишнинг аниқ йўналишларини баён қилди.










