Ўзбекистон | 12:40 / 03.12.2016
5312
3 дақиқада ўқилади

Конституциявий ҳуқуқ халқаро ассоциациясининг фахрий президенти Ўзбекистоннинг Конституцияси ҳақида ўз фикрларини билдирди

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллиги арафасида “Жаҳон” ахборот  агентлигининг мухбири Парижда Конституциявий ҳуқуқ халқаро ассоциациясининг фахрий президенти, профессор Диде Мос билан суҳбатлашди. 

- Мен сизнинг гўзал мамлакатингизда бир неча маротаба бўлганман, конституция ҳуқуқини ўрганиш ва парламентаризм масалаларига бағишланган халқаро тадбирларда иштирок этганман, - деди у. - Бугун, ўзбек халқи ҳаётидаги жуда муҳим воқеа - Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови арафасида суҳбатлашар эканмиз, бир жиҳатни таъкидлашни истар эдим: замонавий Ўзбекистонни диққат билан ўрганувчи экспертларнинг фикр билдиришларича, республика ҳокимиятида бўладиган ўзгаришлар ҳеч қандай ижтимоий ларзаларсиз кечишига ҳамда Президент сайлови мамлакат Конституцияси ва “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунга қатъий риоя этилган ҳолда ўтишига шубҳа йўқ.

Жаҳондаги илғор конституциявий тажриба асосида ҳамда ўзбек халқининг анъаналари ва менталитетини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган Ўзбекистоннинг Асосий қонуни ўзида демократик сайловларни муҳрлаб қўйган.

1992-йили қабул қилинган мамлакат Конституцияси туфайли парламентаризм институти сезиларли даражада мустаҳкамланди, икки палатали парламент шаклланди ва муваффақият билан фаолият кўрсатмоқда. Жамиятнинг сиёсий ва ижтимоий тараққиётида Ўзбекистон Олий Мажлисининг аҳамияти тобора ошиб бормоқда.

Конституция боис Ўзбекистонда қонунчилик ва ижро ҳокимияти органлари билан самарали ҳамкорлик, кенг кўламли демократик, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Бу фундаментал ҳужжат демократия асосида мамлакатнинг тадрижий ва изчил ривожланишини таъминламоқда. У республика фуқароларига эртанги кун учун ишонч бағишлайди.

Шу билан бирга, мамлакатда тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро ҳамда динлараро ҳамжиҳатликни асраш ва мустаҳкамлашда Ўзбекистон Конституцияси муҳим ўрин тутишини ҳам қайд этишни истар эдим.

Ишончим комилки, Ўзбекистон республиканинг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳбарлигида ишлаб чиқилган Конституцияда ўз ифодасини топган тамойилларга таянган ҳолда бундан кейин ҳам тараққиёт ва фаровонлик йўлида ўз салоҳиятини намоён этаверади.

Фурсатдан фойдаланиб, ўзбек халқини, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона водийсидаги барча ҳамкасбларимни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллиги билан чин дилдан муборакбод этар эканман, демократик тараққиёт ва фаровонлик йўлида бардавом муваффақиятлар тилайман. 

Манба : jahonnews.uz

Мавзуга оид