Жаҳон | 12:28 / 23.12.2016
15685
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Ким Чен Ир бош миясининг суратларидан унинг ўлимини тахмин қилган

Фото: TACC

АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси ва Жанубий Корея разведкаси 2008 йилда КХДРнинг ўша вақтдаги етакчиси Ким Чен Ир бошмияси суратларини қўлга киритган. Разведкачилар ушбу маълумотлардан келиб чиққан ҳолда Шимолий Корея раҳбарининг 3-5 йиллик умри қолганини тахмин қилишган. Япониянинг йирик Asahi Shimbun газетаси ўз манбаларига асосланган ҳолда шу ҳақда ёзмоқда. 

2008 йил августида Ким Чен Ир инсультни бошидан кечирган, уни даволаш учун Хитой ва Франциядан шифокорлар таклиф этилган эди. Улар вазифани аъло даражада адо қилганлари сабабли КХДР етакчиси октябрь ойидаёқ ўз мажбуриятларини бажаришга киришган. Нашр Ким Чен Ир бошмиясининг компьютер томографияси орқали олинган суратлари қандай қилиб МРБ ва Корея Миллий разведка хизмати ихтиёрига тушиб қолганига ойдинлик киритмаган. Бироқ, Asahi Shimbun газетасининг таъкидлашича, айни шу нарса Шимолий Корея раҳбарининг соғлиғини тўлиқ ўрганиш имконини берган. 

Ушбу таҳлиллар натижасида Ким Чен Ир 3-5 йил ичида янги инсультни бошидан кечириши тахмин қилинган ҳамда катта эҳтимол билан бу сафар у дош беролмаслиги айтилган. КХДР раҳбари 2008 йил октябридан сўнг, фаол турмуш тарзини олиб борди, Хитой ва Россияга сафар қилди. 

Расмий маълумотларга кўра, Ким Чен Ир 2011 йил 17 декабрда, биринчи инсультдан 3 йил-у 4 ой ўтгач, ҳаётдан кўз юмган. Мамлакатга унинг ўғли Ким Чен Ин етакчилик қила бошлади.

 

Мавзуга оид