Жорий йилнинг 23 декабрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзусида республика Давра суҳбати ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 27 майдаги 132-сонли Қарорига биноан ташкил этилган мазкур Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Бош прокуратура, Марказий банк, вазирлик ва идоралар мутасаддилари, ҳамкор ташкилотлар, иш берувчилар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари ва ҳудудий  касаба уюшма ташкилотлари бирлашмалари раҳбарлари иштирок этдилар.

Тадбир иштирокчилари томонидан ижтимоий-меҳнат муносабатларининг муҳим компонентлари бўлган бандлик, ижтимоий ҳимоя, янги иш ўринларини яратиш, ижтимоий соҳани ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ва галдаги вазифалар муҳокама этилди.

Таъкидлаш зарурки, Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан худди шу турдаги Давра суҳбатлари республикамиздаги барча туман ва шаҳарларда, сўнгра ҳудудлар миқёсида ташкил этилган эди. Ушбу тадбирларда меҳнаткашлар томонидан ўртага ташланган ижтимоий-меҳнат муносабатларига оид саволлардан аксариятининг жойида ҳал этилига эришилди. Шу билан бирга, республика миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган масалалар Республика Давра суҳбатига таклиф этилган тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари эътиборига ҳавола этилди. Хусусан, бандлик, ижтимоий ҳимоя, янги иш ўринларини яратиш, ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, корхона, ташкилот ва муассасаларда ижтимоий ҳимоя ҳамда меҳнат муҳофазаси тадбирларини молиялаштириш, қишлоқ жойларида пластик карточкалардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасида ҳудудлардан келган мурожаатларнинг ечимини топиш бўйича қизғин фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Фаол баҳс-мунозараларга бой ўтган тадбир давомида ҳудудлардаги касаба уюшма фаоллари томонидан аҳолининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларига оид масалалар  бўйича тўпланган саволларга вазирлик ва идоралар, Марказий банк мутасаддиларининг жавоблари олиниб, уларни тўлақонли ҳал этиш мақсадида ижтимоий шерикликни кучайтириш масаласига урғу берилди.

Тадбир давомида жорий йилда республикамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида қатор ижобий ўзгаришлар рўй берганлиги алоҳида таъкидланди. Жумладан, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг янги тахрири қабул қилингани, “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани, Халқаро меҳнат ташкилотининг “Бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 87-сонли Конвенцияси ратификация қилингани алоҳида эътироф этилди. Давлат хизматчиларининг меҳнатини тартибга солиш хусусиятларини қонун билан белгилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан давлат муассасалари ходимларининг масъулиятини оширишни, шунингдек уларнинг ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлашни кўзда тутувчи «Давлат хизмати тўғрисида»ги Қонунни қабул қилиш вазифаси қўйилгани муҳим воқеа бўлгани алоҳида таъкидланди.