Бу намойишлар ноябр ойи бошида лицей ўқувчиларининг кичик акцияларидан бошланганди, ўтган ҳафталар мобайнида кенгайиб умуммиллий тус олди. Бугунги кунда Париж, Марсел ва Лион шаҳарларида вазият издан чиққан. Лимож шаҳридаги ратуша биноси ёқиб юборилди. Минглаб дўконлар талон-торож қилинмоқда, кўчаларда автомобилларга ўт қўйилмоқда, 2400 дан ортиқ намойишчи хибсга олинган.
Ўтмишдаги намойишлардан фарқли ўлароқ, бу сафарги акциялар давлат институтларига ва рамзларига ҳам қарши қаратилди. Шу сабабли бугунги намойишларни радикал, бузғунчи унсурлар билан тўлиб-тошган намойишлар дейиш мумкин.
Ярим йилдан кейин, 2027 йил апрел ойида Францияда президентлик сайловлари бўлиши керак. Макроннинг ваколатлари муддати тугамоқда. Унинг ўзи эса намойишлар фонида муддатидан олдин истеъфо бериш ниятида эмас.
Бу намойишлар бўлажак президентлик сайловларига жиддий таъсир қилади. Сиёсий майдонда ашаддий ўнглар ва ашаддий сўллар ҳар доимгидан ҳам кўра каттароқ таъсирга эга. Ашаддий ўнглар, яъни миллатчилар етакчиси Марин Ле Пен шундай баёнот берди: «Францияга қаттиққўл президент керак. Мен президент бўлсам, бундай намойишлар бўлмайди. Полицияни кучайтираман, кўпайтираман, тартиб кучаяди».
Ашаддий сўллар, яъни тенглик тарафдори бўлган «Бўйсунмас Франция» партияси етакчиси Жан-Люк Меланшон намойишчиларни қўллаб келмоқда, у полициячиларни ортиқча тажовузкорлик кўрсатишда айблаган. Намойишларни тўхтатмасликка, шу билан бирга, зўравонликларни, дўконларни талашни бас қилишга чақирган.
Сўровномаларга кўра, французларнинг 35 фоизи Марин Ле Пенга овоз бериш ниятида. Сайлов арафасида бу кўрсаткич янада ортиши мумкин. Президентлик сайловларида номзодларнинг бирортаси биринчи турнинг ўзидаёқ 50 фоиздан кўпроқ овоз олиши даргумон. Марин Ле Пен эса иккинчи турга ўтса, президентлик учун имконияти ортиб кетади. Францияда ҳокимиятга яшаддий ўнглар, исломофоблар келиши эса Европа Иттифоқи сиёсатига жиддий таъсир кўрсатади.
Намойишларни лицей ўқувчилари бошлаган бўлса-да, бугун ташаббус бошқаларнинг қўлида. Бу намойишларнинг байроқдори – қора блоклар. Қора блок вакиллари – юзларини қора латталар билан ёпиб олган, асосан ёшлар. Улар орасида сариқ нимчалилар ҳам, африкаликлар, араблар, ишсизлар, маҳаллий французлар ҳам сероб. Қора блок – бу гуруҳ ёки ҳаракат эмас, балки, метод: максимал зарар етказиш, бузғунчилик қилиш. Шу йўл билан ўз ижтимоий ва сиёсий норозиликларини билдиришига интилишади.
Айни пайтда, бу намойишлар замирида иккита йирик омил мавжуд.
Биринчиси, Францияда ўн йиллар давомида тўпланиб қолган ижтимоий, иқтисодий, сиёсий норозиликлар. Ҳаёт қимматлашиб бормоқда, нархларга нисбатан маош ўсиши анча паст. Ижара, ўқиш ва яшаш нархи қиммат. Давлат эса ижтимоий дастурларни қисқартириш билан банд. Чунки Франция бюджетини мувозанатга солиш учун ҳукумат камида 54 миллиард еврони тежаши керак бўлади. Бу эса пенсия ва ижтимоий жимоя билан боғлиқ норозиликларни янада оширади.











